Gionee S11S – сўнгги трендларидаги «тўрткўз» смартфон

Gionee S11S – сўнгги трендларидаги «тўрткўз» смартфон

Хитойнинг мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги – TENAA’да Gionee S11S русумли смартфон сертификациядан ўтказилди. Бу ҳақда AndroidHeadlines нашри хабар бермоқда.

Олинган маълумотларга кўра, у смартфонсозликдаги сўнгги тенденцияларга жавоб бера олади. Девайснинг юпқа ромли AMOLED-дисплейи томонлари ўзаро 18:9 нисбатда. Унинг асосий камераси ҳам, олд камераси ҳам қўш объективли. Булардан ташқари, мазкур смартфон 3 600 мА/соат сиғимли аккумулятор ҳамда 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишига ҳам эга.

 

TENAA маълумотларига кўра, Gionee S11S моделига 2160x1080 пикселли сиғимга ҳамда 6 дюймлик диагоналга эга бўлган, 2,5D-шиша билан ҳимояланган AMOLED-дисплей ўрнатилган. Унинг 64 битлик, саккиз ядроли MediaTek процессори 2,5 ГГц такт частотасида ишлайди (бу Helio P тизимига мансуб чип бўлиши тахмин қилинмоқда). Гаджетнинг тезкор хотираси 7 гигабайт, доимий хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга.

Gionee S11S смартфонида камерага ҳам жиддий ёндашув мавжуд: унинг асосий камераси 20 ва 8 мегапикселли иккита модулга ҳамда чақноққа эга. Олд камераси ҳам қўшалоқ объективли – 16 ҳамда 8 мегапикселли сенсорлари мавжуд.

Айтилишича, Gionee S11S моделига Android 7.1.1 Nougat базасидаги Amigo OS 5.0 прошивкаси ўрнатилади. Унинг тақдимоти яқин ҳафталарда бўлиши кутилаётир, аммо нархи ҳозирча маълум қилинмаган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.