Gmail’даги файлларингизни топиш учун қулай кенгайтма – Dittach

Gmail’даги файлларингизни топиш учун қулай кенгайтма – Dittach

Googleнинг почта хизмати – Gmail’дан фойдаланасизми? Мазкур хизмат орқали файллар олди-берди қиласизми? Унда Chrome браузери учун ишлаб чиқилган Dittach кенгайтмаси сизга маъқул келиши аниқ.

Gmail-почтангиз орқали қачонлардир ўзингиз кимгадир юборган, ёки биров сизга жўнатган турли файлларни топишда қийинчилик бўляптими? Dittach сизга Google почта қутингиздаги керакли файлларингизни топиб беради.

ЎҚИНГ: Google Chrome учун энг керакли кенгайтмалар

Тўғри, Gmail’нинг ўзида ҳам хатларга бириктириб жўнатилган ёки қабул қилинган тиркама файлларни излаш учун махсус фильтр мавжуд. Аммо, агарда почта қутингизда электрон мактублар кўр бўлса, Google улар орасидан керакли файлни топиб бериши мушкул кечади. Бепул Dittach кенгайтмаси эса айни шу жараённи соддалаштириш, тезлаштириш ва осонлаштириш учун махсус ишлаб чиқилган.

Мазкур кенгайтмани Chrome браузерингизга ўрнатиб олганингиздан кейин, унга ўзингизнинг Gmail почтангизга боғланиши учун (логин ва парол орқали) рухсат беришингиз лозим бўлади. Кейин почтангиз саҳифасини очганингизда ўзгаришни дарров пайқайсиз – ўнг томонда, хатлар орқали бириктириб жўнатилган ва қабул қилинган барча файлларни кўрсатувчи панел пайдо бўлади.

Dittach ҳужжатлар, аудио ва видео сингари кўп файл турлари билан ишлай олади. Шунингдек, қидирувни янада тезлаштириш учун кенгайтмада форматлар фильтри ҳам мавжуд.

Кенгайтма яна Gmail қидирув панели билан ўзаро алоқадорликда ишлай олади. Агарда ўша панелга қидирув сўровини ёзсангиз, экран ўртасида шу сўровга мос келувчи хатни, ўнг панелда эса унга мувофиқ келадиган файлни кўрасиз.

Бирор ҳужжат файли сизга жуда зарур бўлиб қолса, аммо унинг номини ва ким юборганини эслай олмасангиз, Dittach кенгайтмаси жуда қўл келади. Шунингдек, у файлларни кўрсатганида, қабул қилинган санасини ҳам акс эттиради.

Фақат биттагина чеклов мавжуд – кенгайтма бир кунда қараб чиқиши мумкин бўлган тиркама файллар сонини Google чеклаб қўяди. Шунинг учун, агарда Gmail орқали олди-берди қилган файлларингиз кўп бўлса, Dittach сизнинг почтангиздаги уларнинг барчасини кўриб чиқиб, акс эттиргунига қадар бироз кутишга тўғри келади. Аммо унинг тақдим этадиган қулайликлари шу кутишингизга арзийди.

ЎҚИНГ: Google Chrome’ни 10 карра тезроқ ишлашга мажбур қиламиз

Бепул Dittach кенгайтмасини Chrome браузерингизга ўрнатиб олиш учун, мана бу ҳавола орқали иловалар дўконига ўтишингиз керак бўлади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.