Google барча сенсорли қурилмалар «қотили» учун патент олди

Google барча сенсорли қурилмалар «қотили» учун патент олди

Ўтган ҳафта Google томонидан патентланган янги технология сенсор юза ёрдамида бошқарилувчи гаджетларнинг асосий «душмани» бўлиши мумкин. Чунки у гаджетга бевосита тегинмасдан, уларни бармоқларнинг шунчаки ҳаводаги ҳаракатлари орқали бошқариш тизимини таърифлайди, деб ёзади SlashGear.

Аввалроқ, ушбу корпорация смартфонларни бошқариш учун худди шундай усулни тайёрлаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Янги чиққан маълумотларга кўра, бу технология бошқа тур девайсларга ҳам татбиқ этилиши мумкин экан.

Google мутахассислари фикрича, ҳаводан бошқарув имо-ишоралари фойдаланувчи учун тушунарли бўлади. Бундан ташқари, мазкур технология янги буйруқларни ҳам ўргана олади.

Патентга кўра, ушбу технологияни қўллаб-қувватловчи «ақлли» қурилма фойдаланувчининг қўл-бармоқ ишораларини эслаб қолишга ҳамда улардан ҳар бирига алоҳида буйруқни белгилашга қодир. Масалан, девайс соҳиби тизимга иккита бармоғини пастга қаратиб кўрсатади ва бу ҳаракатни қурилманинг ўчирилиши функциясига белгилаб қўяди.

Хабарга кўра, бармоқ ишораларидаги буйруқларни таниш функцияси бирданига тармоқдаги бир нечта қурилма учун амал қилади. Бунда овозли буйруқлар ўрнига ҳам ишора буйруқларини қўллаш мумкин бўлади. Масалан, «ОК, Google, хонанинг чироғини ёқиб юбор» дейиш ўрнига, энди бармоқ билан худди включателга босгандагидек ҳаракат қилиш кифоя бўлади.

Айтиш керакки, Google аллақачон имо-ишораларни сенсор экран иштирокисиз таниш тизими бўйича Project Soli лойиҳасини ҳам ишга туширган. Бироқ у 2015 йилнинг май ойида старт олгани бўйича, ҳозиргача якунига етмаган. Эҳтимол, компания шу соҳадаги ишланмаларга кўпроқ эътибор берар ва келажакда гаджетларни бошқаришнинг анъанавий усулларидан воз кечармиз?

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.