Google энг яхши камерафон муаллифи бўлган смартфон брендини харид қилди

Google энг яхши камерафон муаллифи бўлган смартфон брендини харид қилди

Google компанияси Тайванда фаолият олиб борувчи HTC компаниясига тегишли бизнеснинг бир қисмини харид қилди. Келишувга кўра, HTC компаниясининг мобил бўлинмаси энди Google компанияси таркибига ўтади. Шунингдек, таниқли қидирув тизими тайванлик смартфон ишлаб чиқарувчининг мобил ишланмалар бўйича бир қанча лицензияларига ҳам эгалик қилади. Бу тўғрида Google'нинг расмий блогида эълон қилинган.

Экспертларнинг фикрича, 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бу харид Google компаниясининг мобил гаджетлар саноатидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Шунингдек, Google томонидан HTC'нинг молиявий аҳволини яхшилаш бўйича амалиё кўмак кўрсатилади. HTC эса истиқболда Google томонидан ишлаб чиқариладиган девайслар учун виртуал воқелик технологиясини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширади. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу брендга қарашли HTC U11 айни пайтда энг яхши камерафон сифатида эътироф этилмоқда. Фотокамералар сифатини баҳоловчи DxOMark хизмати томонидан  HTC U11 флагманининг суратга олиш имкониятларига 90 балл қўйилган. Натижада, флагман DxOMark рейтингининг 1-поғонасидан ўрин эгаллаган.

Бунгача Google смартфон саноатида машҳур бўлган Motorola компаниясининг мобил бўлинмасини харид қилган ва бу лойиҳа омадсизлик билан якун топиб, сўнг Lenovo компаниясига сотиб юборилган эди.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.