Google’га ишонманг – у Android’дан захираланган маълумотларингизни ўчириб ташлаши мумкин!

  •   DiMaX
  •  1329
  •  16.09.2017 11:39

Google’га ишонманг – у Android’дан захираланган маълумотларингизни ўчириб ташлаши мумкин!

Android-қурилмангиздаги маълумотларнинг захира нусхасини бэкап тарзида Google серверида сақлайсизми? Афсуски, мазкур усул унчалик ҳам ишончли эмас экан. Бу ҳақда машҳур ижтимоий янгиликлар тармоғи – Reddit ресурсида Tanglebrook никли фойдаланувчи хабар берган.

Фойдаланувчининг аниқлашича, агарда гаджет 60 кун мобайнида фаол бўлмай турса, ундан бэкап қилиб қўйилган маълумотларни Google автоматик тарзда ўчириб ташлар экан. Энг ёмони – компания бу ҳақда фойдаланувчини огоҳлантириб ҳам ўтирмас экан!

Tanglebrook’нинг сўзларига кўра, у ўзининг Nexus 6P смартфонини икки ой мобайнида ишлата олмаган ва ноиложликдан iPhone тутган. Кейин эса бошқа Android-смартфон харид қилгач, аввалги Nexus 6P’дан бэкап қилиб қўйилган маълумотларини янги гаджетига кўчириб олишга ҳаракат қилган. Аммо қараса – бэкапга ёзиб қўйилган барча созламалар, Wi-Fi пароллари ва элликдан ошиқ иловаларнинг маълумотлари сервердан йўқ бўлиб кетган экан!

Шунда у масалага аниқлик киритиш учун Google Диск қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат этган. У ердагилар эса, ўша бэкаплар чиндан ҳам ўчириб юборилганлигини, уларни тиклашнинг ҳеч бир иложи йўқлигини тасдиқлашган. Буни қарангки, бэкапларнинг ўчириб юборилиши ҳақида фойдаланувчига хабар беришмаган ҳам.

Хулласи калом, Android-смартфонингиздаги маълумотларнинг захира нусхасини фақат Google Дискдагина эмас, балки бошқа ишончли жойларда, масалан, қаттиқ дискларда, бошқа «булутли» сервисларда ҳам сақлаб қўйганингиз маъқул экан.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!