Ҳали тақдим этилмаган BlackBerry Motion сурати чиқди

Ҳали тақдим этилмаган BlackBerry Motion сурати чиқди

Инсайдер Эван Бласс (Evan Blass) ўзининг Twitter-аккаунтида BlackBerry бренди остида тайёрланаётган янги смартфоннинг суратини эълон қилди.

Мазкур модел Krypton кодли номи остида тайёрланаётганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. Кейинчалик унинг айрим хусусиятлари маълум бўлгани тўғрисида ҳам ёзганмиз. Аммо Бласснинг таъкидлашича, энди айни шу моделнинг расмий номи BlackBerry Motion бўлар экан.

Эълон қилинган суратга кўра, бу қурилма замонавий смартфонлар учун стандартга айланиб қолган моноблок шаклида чиқарилади ва олд панелининг асосий қисмини экран эгаллайди.

Кўриниб турганидек, мазкур моделда ҳозирда трендга айланган ромсиз дисплей дизайни қўлланмаган. Аммо унинг ўзига хослиги – овал шаклдаги «Уйга» тугмачасига BlackBerry логотипи туширилган. Шу тугмачанинг ўзида дактилоскопик датчик ҳам жойлаштирилган.

Фойдаланувчиларга маъқул келадиган яна бир жиҳати – Motion’да қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиши мавжудлигидир. Шу тариқа, у Blackberry учун янги бўлган шаклдаги, механик клавиатурага эга бўлмаган илк смартфондир.

BlackBerry брендининг донг таратишига хизмат қилган асосий устунлиги – дастурий таъминотининг ўта юқори даражада ҳимояланганлиги экани маълум. Motion русумли қурилма ҳам айни шу анъаналарга содиқ қолган ҳолда яратилган.

Мақтанишга арзирли хусусиятларидан яна бири – у тўлиқ қувват билан 26 соатгача ишлай олади. Маълумотларга кўра, Motion – мазкур бренднинг IP67 стандарти бўйича сувдан ҳимояланган илк смартфони бўлиши мумкин.

BlackBerry Motion’нинг бошқа хусусиятлари қуйидагича:

  • Дисплей: ўлчами номаълум, сифати – Full HD (1920 х 1080 пикселли);
  • Процессор: Snapdragon 625 ёки 626;
  • Тезкор хотира: 4 ГБ;
  • Аккумулятор: 4000 мА/соат.

Гап-сўзларга кўра, мазкур гаджет шу ойнинг ўзидаёқ савдога чиқарилиши эҳтимоли мавжуд. BlackBerry KeyOne моделида бўлгани каби, компания бу қурилмасини ҳам аввалига маълум бир ҳудудларда сотувга чиқариши, савдо ҳудудини тобора кенгайтириб бориши ҳам мумкин.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.