Ҳамёнбоп, аммо кучли Galaxy J7 Core тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  3044
  •  16.10.2017 16:39

Ҳамёнбоп, аммо кучли Galaxy J7 Core тақдим этилди

Жанубий кореялик гигант куни кеча 4G тармоқларини ҳамда VoLTE технологиясини қўллаб-қувватловчи, яна интернет-трафикни ҳам тежовчи Galaxy J2 (2017) смартфонини тақдим этганидан хабарингиз бор. Шунингдек, Samsung яна ҳамёнбоп, лекин нисбатан илғор Galaxy J7 Core моделини ҳам ишлаб чиқарди, деб ёзади 4PDA сайти.

Ушбу янги модел аввалроқ чиққан Galaxy J7 Plus девайсига ташқи кўриниши жиҳатидан ўхшаб кетади, бироқ унинг «ички дунёси» ўзгачароқ. Янги гаджетга Super AMOLED матрицали, 5,5 дюймли HD-экран ўрнатилган. Смартфон Exynos 7870 процессори базасида ишлайди, 2 гигабайтлик тезкор хотираси унинг самарадорлигини таъминлашда қўл келади. Қурилманинг ички хотираси 16 гигабайт ҳажмга эга, шунингдек, яна microSD-карта ёрдамида унинг хотира ҳажмини кенгайтириш мумкин.

Samsung Galaxy J7 Core кўпроқ, қимматбаҳо смартфонларни «чўнтаги кўтармайдиган» мобил фотография ишқибозларига мўлжалланган. Унинг f/1,9 апертурали асосий камераси 13 мегапикселли сиғимга эга. Селфи учун эса f/2,2 диафрагмали, 5 мегапикселли ва чақноқли олд камера ажратилган.

Galaxy J7 Core смартфонининг техник хусусиятлари:

  • 5,5 дюймли, 1280х720 пикселли Super AMOLED-экран;
  • саккиз ядроли Exynos 7870 процессори;
  • 2 ГБ тезкор хотира;
  • 16 ГБ доимий хотира + microSD-карта қўйиш имкони;
  • f/1,9 диафрагмали, 13 мегапикселли, чақноқли бош камера;
  • f/2,2 диафрагмали, 5 мегапикселли, чақноқли олд камера;
  • LTE тармоғини қўллаб-қувватлайди;
  • 3,5 мм.лик аудиотирқиш;
  • 3 000 мА/соат сиғимли аккумулятор.

Ушбу смартфон тилларанг ва қора рангларда Филиппин бозори учун тақдим этилган, унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқарилиши хусусида ҳозирча маълумот йўқ. Samsung Galaxy J7 Core моделига 195 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган.

Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуаси дўконларида Samsung’нинг айрим смартфонларига сўмда (2017 йил 5 октябрь ҳолатига кўра) белгиланган нархларни эса мана бу ердан кўриб олишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!