Ҳамёнбоп Android-смартфонни қандай танлаш керак?

Ҳамёнбоп Android-смартфонни қандай танлаш керак?

Ҳозирда смартфонларнинг турлари кўпайиб қолган ва улар орасидан ҳар ким ўз эҳтиёжига, дидига ва... ҳамёнига қараб, ўзига кераклисини танлаб олиши мумкин. Қимматбаҳо флагманлар масаласи тушунарли – улардан бирортасини сотиб олсангиз, маза қилиб фойдаланасиз. Хўш, энг кўп ишлаб чиқарилаётган ҳамёнбоп смартфонлар-чи?

Тан олиш керак: уларнинг айримлари ўз нархига нисбатан анча сифатли ҳам. Лекин кўпчилиги баҳосига яраша – арзонлигига учиб харид қилсангиз, кўп жиҳатларидан кўнглингиз тўлмай қолиши мумкин. Шу боис, қиммат бўлмаган смартфонларни ҳам танлаб, эътибор билан харид қилган маъқул.

Агар ҳамёнбоп смартфон олиб, кейинчалик афсусланиб қолишни истамасангиз, у ҳолда хариддан аввал мутахассисларнинг қуйидаги тавсияларига қулоқ тутинг.

Процессор ва тезкор хотира

Тезкор хотирасининг ҳажми – арзон смартфонлар учун энг муҳим кўрсаткичлардан биридир. Одатда ҳамёнбоп моделларда тезкор хотира кичикроқ бўлади, аммо қанча катта ҳажмли бўлса, қурилма шунча яхши ишлайди.

2017 йилга келиб, смартфонлар саноати шундай тараққий этдики, энди тезкор хотираси 2 гигабайтдан кам бўлган танламасангиз ҳам бўлади. Агар икки-учта модел орасидан танлашга қийналаётган бўлсангиз, у ҳолда RAM ҳажми каттароқ бўлганига жиддийроқ қарайверинг.

Мутахассисларнинг фикрича, тезкор хотира ҳатто процессордан ҳам кўпроқ аҳамиятга эга. Бироқ смартфоннинг «юраги» ҳисобланмиш процессор ҳам шунга лойиқ бўлиши керак. Ҳозирда уларнинг муносиблари саккиз ядроли, такт частотаси эса камида 1,3 ГГц бўлмоғи лозим, шундан юқори бўлса янада яхши.

Дисплей

Бу қисмни танлашда у қадар қийинчиликка дуч келмаймиз. Сизга FullHD-дисплей керак, 1080p – «олтин ўрталик». Шундан камини олмаганингиз маъқул, бундан каттасининг эса смартфонга керагиям йўқ.

Камера

Кўпинча ёшлар смартфон танлашда эътибор берадиган асосий мезонлардан бири – камера. Тағинам, унинг неча мегапикселли эканлигига кўпроқ аҳамият қаратилади.

Лекин сизга кичик бир сирни очмоқчимиз: мегапикселлари кўплиги – смартфон камераси учун энг муҳим параметр эмас. Яхшиси, паст даражада ёритилган шароитларда камера қай даражада сифатли суратга ола билишига эътибор қаратган маъқул.

Агарда қўшалоқ объективли ёки оптик барқарорлаштириш тизимига эга камерали, ҳамёнбоп смартфон учраб қолса, қўлдан чиқармаган маъқул.

Аккумулятор

Аккумуляторнинг сиғими – қанча катта бўлсаям зарар қилмайдиган кўрсаткич! Смартфон битта қувватлашда қанчалик узоқ вақтгача ишлай олса, шунчалик яхши. Имкон қадар кўпроқ сиғимли батареяга олаверинг, камида 3000 мА/соат бўлсин.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.