Ҳамёнбоп Doogee S60 Lite – «ўлдириб бўлмас» 4G-смартфон

  •   DiMaX
  •  2654
  •  10.03.2018 17:12

Ҳамёнбоп Doogee S60 Lite – «ўлдириб бўлмас» 4G-смартфон

Бугун – 10 март куни «осмон ости салтанати»да Doogee S60 Lite смартфонининг тақдимоти бўлиб ўтди. Таъкидлаш керакки, мазкур компания Mobile World Congress 2018 анжуманида бошқаларга ўхшамаган бир қатор қурилмаларини намойиш этган.

ЎҚИНГ: MWC 2018’да рекорд: энг антиқа дизайнли смартфонлар ва бошқа гаджетларни ким олиб келган?

Doogee S60 Lite модели эса «ўлдириб бўлмас» смартфон ҳисобланади, зеро, унинг корпуси ҳар хил жисмоний таъсирлардан ҳимояланган. Ишлаб чиқарувчининг даъво қилишича, IP68 стандартига кўра муҳофазаланган мазкур девайс икки метргача чуқурликдаги сув остида бир соатдан ортиқ қолиб кетса ҳам яна ишлайверади.

Смартфоннинг мустаҳкам корпуси металлдан ишланган бўлиб, қирраларига силикон қўйилмалар жойланган. Улар қурилма қўлдан тушиб кетганида зарба кучини камайтиришга хизмат қилади. Doogee’нинг таъкидлашича, S60 Lite икки метргача баландликдан ерга тушиб кетса ҳам унга шикаст етмайди.

Номидан ҳам кўриниб турганидек, ушбу смартфон бир неча ой аввал тақдим этилган Doogee S60 моделининг бироз арзонлаштирилган ва оддийроқ версиясидир. Гарчи Doogee S60 Lite расман тақдим этилган эса-да, ишлаб чиқарувчи унинг барча хусусиятларини ошкор этишга шошилмаётир.

ЎҚИНГ: 372 минг сўмдан бошланувчи Doogee смартфонларини AliExpress орқали харид қилинг!

Doogee S60 Lite гаджети диагоналига 5,2 дюймлик IPS-экран билан жиҳозланган. Пикселлар сиғими 1920х1080 ни ташкил этувчи – Full HD форматидаги дисплейи устига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя ойнаси ётқизилган. Бу эса смартфоннинг «ўлдириб бўлмас»лигини таъминловчи омиллардан яна биридир.

Смартфоннинг «электрон юраги» сифатида 1,5 ГГц такт частотасида ишловчи 8 ядроли процессор хизмат қилади. Тезкор хотираси 4 гигабайт, доимий хотираси эса 32 гигабайт ҳажмга эга. Унга хотира картаси қўйиш имконияти ҳақида маълумот берилмаган.

Doogee S60 Lite’нинг 16 мегапикселли асосий камераси сув остида ҳам суратга ола билади. Селфилар учун эса унинг экрани тепасига 8 мегапикселли камера ўрнатилган.

Ушбу смартфоннинг «қувват тоши» ҳам бошқа хусусиятларига мос ҳолда бақувват. 5580 мА/соат сиғимли бу аккумулятор симсиз қувватлашнинг Qi технологиясини, тағин тезкор зарядлашни қўллаб-қувватлайди!

Дарвоқе, тўртинчи авлод уяли алоқа стандарти – 4G тармоғини қўллаб-қувватловчи Doogee S60 Lite операцион тизимининг версияси маълум қилинмаган. Лекин, бошқа бир қатор жиҳатларидан ташқари, бу телефон NFC модули билан ҳам мақтана олади. Яъни, у Google Pay (аввалги Android Pay) ва шунга ўхшаш тўлов тизимлари билан «келишиб» ишлаши мумкин.

Doogee S60 Lite смартфони март ойининг охирларида бозорга чиқарилиши маълум қилинган, лекин нархи айтилмаган. Харидорларга у уч хил рангда – қора, кумушранг ва тилларанг корпусларда тақдим этилади. Ишлаб чиқарувчининг айтишича, бу смартфон классик Doogee S60 девайсидан анча арзон баҳоланади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, янги – «Lite»ли моделга 200 АҚШ долларигача бўлган нарх белгиланса керак.

«Lite»сиз – классик Doogee S60 смартфонини эса онлайн савдо платформаларидан 259 долларга олса бўлади. Унинг хусусиятларини кўриш ҳамда буюртма бериш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.  Агарда онлайн харид борасида тажрибангиз етарли бўлмаса, у ҳолда товарларга «Terabayt.uz» сайтимиз орқали буюртма бериш имкони ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.