Hippo Wiz – экран ва камерадан видео ёзиб олувчи қулай илова

  •   DiMaX
  •  2341
  •  27.06.2017 16:41

Hippo Wiz – экран ва камерадан видео ёзиб олувчи қулай илова

Бирор таълимий видео тайёрлаш учун экрандаги ҳаракатларни ёзиб олувчи дастур излаяпсизми? Hippo Wiz бу борада ўқитувчиларга, сотувчиларга ва техник қўллаб-қувватлаш марказлари ходимларига жуда қўл келади. Шулар қатори сизга ҳам асқотиши мумкин. Бу илова орқали бошқа фойдаланувчиларга жавоб бериш, таълимий видео ва тақдимотлар яратиш мумкин.

Мазкур сервис компьютер экранидан аудио ҳамда видеони, шунингдек, веб-камерадан видеони ёзиб олишга ёрдам беради. Hippo Wiz’да таҳрирлаш учун ўз жиҳозлари мавжуд.  Улар видеони кесиш, унга имзо ёки матн, тег, эмодзилар ва бошқа унсурлар қўшиш имконини тақдим этади. Шунингдек, ёзилаётган файлга аввалдан суратга олинган видеони ёки компьютердаги видеони қўшиш ҳам мумкин. Овоз йўлакчаларини ҳам таҳрирлаш, алмаштириш ва қўшиб юбориш имкониятлари бор. Хуллас, Hippo Wiz битта видео учун бир нечта иловалардан фойдаланиш заруратидан қутқаради.

Тайёр бўлган видеони илованинг ўзида ёки компьютерда сақлаш, шунингдек, YouTube, Google Drive ёки Google Classroom сервисларига юклаш мумкин. Бу ёзувни электрон почта орқали юборишингиз, сайтга жойлашингиз ёхуд ижтимоий тармоқларда улашишингиз ҳам мумкин.

Сервис икки версияда – пулли ва пулсиз тарзда тақдим этилади. Бепул версиясида ҳар ойда 50 тагача видео ёзиш мумкин, аммо уларнинг давомийлиги 10 дақиқагача бўлади ҳамда тасвирда Hippo Wiz логотипи ва «сувли» белгиси ҳам акс этиб туради. Шунингдек, бошқа имкониятлари ҳам бепул версияда чекланган.

Премиум-версиясида бўлса видеони ўзингизга керак бўлганича узунликда тайёрлай оласиз. Тайёр файлларни компьютерда ёки Google Drive’да MP4 форматида сақлаб қўйишингиз мумкин..

Hippo Wiz’дан фойдаланиш учун, мана бу ҳавола орқали илованинг сайтига ўтинг ёки унинг Chrome браузери учун чиқарилган кенгайтмасини ушбу ҳавола ёрдамида кўчириб олиб ўрнатинг.