HTC компанияси Desire 830 фаблетини тақдим этди

HTC компанияси Desire 830 фаблетини тақдим этди

Тайваннинг HTC компанияси Desire 820 моделига ўринбосар сифатида ишлаб чиқарилган янги Desire 830 смартфонини намойиш этди. Mobinfo.uz хабарига кўра, телефон дизайни қарийб ўзгармаган.

Янги қурилма такт частотаси 1,5 гигагерцга тенг бўлган 8 ядроли MediaTek Helio X10 процессори, 3 гигабайт оператив ва 32 гигабайт доимий хотира билан таъминланган (шунингдек, ҳажми 128 гигабайтгача бўлган microSD флеш-хотираси учун ҳам жой бор).

5,5 дюймли дисплейнинг ажрата олиши 1920 х 1080 пикселга тенг. Смартфоннинг асосий камераси 13 мегапикселли матрица, тасвирни оптик барқарорлаштириш тизими ва f/2.0 диафрагмасига эга. Селфилар ва видеоқўнғироқлар учун UltraPixel технологияси асосида ишлаб чиқилган 4 мегапикселли камера бор.

Янги маҳсулотнинг ўлчамлари 157,5 х 78,9 х 7,79 миллиметрга, оғирлиги 156 граммга тенг. Телефон сиғими 2800 мА-с бўлган аккумляторли батареядан қувват олади, Android 6.0 Marshmallow операцион тизими остида ишлайди; смартфонга Dolby Audo технологиясини қўллаб-қувватловчи BoomSound стереокарнайлари ўрнатилган.

Хабар беришларича, HTC Desire 830 фаблети 2016 йилнинг 6 майидан савдога чиқарилган. Тайвань бозорида янги смартфон тахминан 300 доллардан сотилмоқда.