HTC’нинг сирли таклифномаси: ромсиз U11 Plus тақдим этилади

  •   DiMaX
  •  1311
  •  17.10.2017 14:59

HTC’нинг сирли таклифномаси: ромсиз U11 Plus тақдим этилади

Тайванлик ушбу смартфонсоз кодли номи Ocean Master бўлган HTC U11 Plus моделини тайёрлаётганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. Чиндан ҳам, компания шу йилнинг 2 ноябрида бўлиб ўтадиган қандайдир тақдимот маросимига таклифнома тарқатяпти, деб ёзади Gagadget нашри.

Хулласи калом, таклифномага қараганда, янги смартфон айни шу тадбирда намойиш этиладиган кўринади. Реклама тизеридаги ёзувлар ва саналар, шунингдек, улкан U ҳарфи шундан дарак бермоқдаки, HTC компанияси 2 ноябрдаёқ ўзининг янги – U11 Plus смартфонини тақдим этади. Тўғри, ушбу сериядаги бошқа қурилма чиқиши ҳам мумкин, аммо ҳозиргача HTC’нинг фақат шу смартфони ҳақида хабарлар тарқалган. Агарда тайванлик ишлаб чиқарувчи бошқа гаджет тайёрлаётган бўлганида, у ҳақда маълумотлар «сизиб чиққан» бўларди.

HTC U11 Plus модели ҳам олдинги флагманда татбиқ этилган ўзига хослик – сенсор ромига, яъни Edge Sense технологиясига эга. Унга Japan Display томонидан ишланган, томонларининг нисбати 18:9’ни ташкил этувчи, диагонали 5,99 дюймли экран ўрнатилган. Янги флагманнинг «юраги» сифатида эса илғор Snapdragon 835 чипи хизмат қилади. Девайснинг тезкор ва доимий хотираси – стандарт талқинда 4/64, яхшиланган модификацияда эса 6/128 гигабайтни ташкил этади.

Смартфоннинг асосий камераси 12 мегапикселли, олд камераси эса 8 мегапикселли модулга эга. Мазкур қурилмада илғор технологиялардан QuickCharge 3.0 тезкор қувватлаш, USB Type-C порти ҳамда IP68 стандартига кўра сув ва чангдан ҳимоя мавжуд. HTC U11 Plus модели Android 8.0 операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Айтиш керакки, Тайваннинг HTC компанияси жорий йилнинг май ойида ўзининг HTC U11 русумли флагманини намойиш этган эди. Йил сўнгигача у яна учта смартфон тақдим этишни режалаштирганлигини ҳам маълум қилганмиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.