HTC U11: "Малика"нинг янги флагмани нархига муносибми?

HTC U11:

Кириш

Сўнгги йилларда HTС анча фаоллашиб қолди. Айниқса, U11 флагмани сезгир корпус, ўзига хос технология, самарадор Snapdragon 835 процессори, сув ва чангдан ҳимоялангани, қолаверса, энг яхши камерага эга бўлгани билан ҳам қойилмақом смартфон бўлди. 

Тайванлик HTC ўзининг U11 флагман смартфонини 2017 йилнинг 16 майида жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган. Расмий намойишда  телефон аппарати сенсор ром, стерео-овоз узатувчи динамиклар ҳамда шовқинни камайтирувчи микрофон тизими билан жаҳондаги бошқа флагманлардан ажралиб туриши айтилган эди.

HTC U11 флагманига ўрнатилган стерео-товушли ташқи динамикларда янгича — шовқинни камайтирувчи илғор технология жорий қилинган. Шунингдек, корпус анъанавий 3,5 мм.ли аудио-қулоқчин туйнукчасидан ҳам маҳрум бўлган.

Техник жиҳатлар

Корпус материали:  шиша, металл

Операцион тизим:       Android 7.1.1 + HTC Sense

Алоқа тармоғи: 2G/3G/4G

Платформа: Qualcomm Snapdragon 835

Процессор: 64 битли, 8 ядроли, 2.45 ГГц

Видео-карта:   Adreno 540

Доимий ички хотира: 64/128 ГБ

Тезкор хотира: 4/6 ГБ

Қўшимча хотира учун бўлмача: бор (SIM-карта ўрнида)

Wi-Fi: бор (a/b/g/n/ac, dual-band)

Bluetooth: 4.2 LE, A2DP

NFC: бор

Экран диагонали: 5. 5 дюйм

Экран сиғими: 1440 х 2560 пиксел

Матрицаси: Super LCD5

Ҳимоя қопламаси: 3D Corning Gorilla Glass 5 шишаси

Олеофоб (доғ-дуғга қарши) қопламаси: бор

Бош камера:    12 МП UltraPixel 3, f/1.7, оптик барқарорлаштиргич, 2 тусли фоточақноқ, 4k-видео;

Олд камера: 16 МП, f/2.0, BSI

Навигация: GPS, A-GPS, GLONASS, Beidou

Датчиклар: ёруғлик, оралиқ-масофа, ҳаракат (G-сенсор) сенсори, электрон компас, гироскоп, магнитли сенсор, бармоқ излари сканери, Sensor Hub (жисмоний фаоллик датчиги),  Edge Sensor;

Батарея: 3000 мА соат, Quick Charge 3.0

Ўлчамлари: 153.9 x 75.9 x 7.9 мм

Вазни: 169 грамм

Дизайн ва бошқарув элементлари

Дизайннинг бош ўзига хослиги – орқа панелнинг сирти ҳам пишиқ шиша билан қоплангани. Смартфон сотувга қора, кўк, оқ ҳамда мовий рангли корпусларда чиқарилган.

HTC учун янги тренд — жилвакор шиша корпус! 5 йиллар илгари Samsung смартфонларида худди шундай дизайндан фойдаланар эди. Олд панел эса компания 2014-2015 йиллардан бери фойдаланадиган дизайнга эга бўлган. Дисплей атрофидаги ромлар "бақувват". HTC U11'да яна бир тренд қўлланган  — чўзинчоқ экран.

HTC U11 170 грамм тош босувчи флагманнинг ўлчами 153.9 x 75.9 x 7.9 мм. Бу нисбатан йирик ҳамда вазндор, дегани. Samsung Galaxy S8+ билан таққослаганда, унинг ҳошиялари ва ромлари ҳам дағалдек. Шу боис, тақдимотдан сўнг жамоатчилик компанияни роса танқид қилган.

Смартфон олд панелига 2.5D шаклидаги Corning Gorilla Glass 5 шишаси ётқизилган. Доғга қарши пленка боис, доғларни осонгина артиб ташлаш мумкин.

Ён томон рамкалар – металлдан ишланган. Ўзини ҳурмат қилган ишлаб чиқарувчи каби, HTC ҳам бу флагманига бирор ўзига хос жиҳат беришга ҳаракат қилган. Samsung Galaxy S8'да ром йўқ, Sony Xperia XZ Premium эса секундига 960 та кадрли видео олади, LG G6 "ҳарбийча" стандарт бўйича ҳимояланган,  HTC U11'да эса "жонли" ромлар бор.

Edge Sense — бу бармоқнинг эзиш даражасини сезадиган технология. Сенсорлар ён томон ромларига ҳам ўрнатилган.  Қайрилма дизайндаги корпус бармоқ изи зарби ва унинг давомийлигини ҳис қилади ва шунга кўра амалларни бажаради. Мисол учун, аппаратнинг ён томонини бармоқда босиб турсангиз — камера ёки бошқа бир иловалар тезкор ишга тушади, овозни бошқариш мумкин бўлади.

Корпус маҳорат билан йиғилган ва аппаратни қўлга олганда унинг пишиқ ва пухта монолит қолипини ҳис қилиш мумкин, корпус қайишиши, ғичирлаши йўқ.

Олд панелда ўтказиб юборилган ҳодисалар учун махсс индикатор чироқ, датчиклар, микрофон, камера ва бош динамик мавжуд. Динамикнинг овоз узатиши юқори ва аниқ-тиниқ.

Дисплей остидан – бармоқ излари сканери, остки ёритгичга эга сенсор тугмалар ўрин олишган. 

Смартфон қуйисида микрофон, USB Type-C (USB 3.1 ни қўллаб-қувватлайди) ва динамик мажвду.

HTC U11 IP67 стандарти асосида чанг ва сувдан ҳимоя қилинган. 1 метрлик чуқурда ярим соат бемалол “жон сақлайди”.

Девайс томидаги бўлмачаларга nanoSIM+nanoSIM ёки nanoSIM+microSD комбинацияси асосида сим-карта ва флешка жойлаштириш мумкин.

Корпус ўнг томонида овозни бошқариш учун чўзинчоқ тугма бўлиб, у деярли корпусга бирикиб кетган, босилиши қаттиқ.

Орқа томонда эса яна бир микрофон (смартфонда жами 4 та микрофон мавжуд), 2 тусли фоточақноқ ва кумуш тусли металл ҳалқа билан ўраб олинган объектив бор.

 

Дисплей

HTC диагонали 5.5 дюймли, Quad HD (1440x2560 пикселли) сиғимли экранга эга. Ҳар дюймда 534 та белгининг бўлиши юқори сифатли тасвир намойишидан дарак беради. Юқори дисплей ҳошиясининг қалинлиги етарлича қалин: юқориси 15 мм, қуйиси 18 мм, ён томон ромлар – 4 мм. Экранга қопланган нурга қарши қоплама юқори сифатли.

IPS-панел, SuperLCD 5 матрицали экран нисбатан кўпроқ қувват ейди. Унинг томонларининг нисбати стандарт: 16:9. Қувватни тежаш учун экранни Full HD сиғимли ҳам қилиш мумкин.

Тўғри, экран сифат борасида экран Samsung Galaxy S8 флагмани билан кураша олмайди. 

Экранда кўзни кўк тусдан ҳимоя қилувчи фильтр мавжуд. Совуқ кунларда эса экрандаги «Қўлқопда» режими қўл келади. Сенсор шунда ҳам ишлайверади.

Дисплей Gorilla Glass 5 ҳимоя шишасига эга. Бу шиша аввалгисидан 2 баробар пишиқроқ.

Умуман олганда, дисплей борасида бирор камчиликни кўриш қийин, ҳаммаси жойида.

 

Энг юқори самарадорлик

HTC U11 платформа самарадорлиги бўйича жаҳонда пешқадам: 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 835 ҳамда Adreno 540 видео-картаси Antutu'да 176000 балл тўплаган. Қуйидаги суратда унинг натижасини бошқа флагманлар билан таққослаш мумкин.

HTC U11 сотувга 2 талқинда чиқарилади: 4 ГБ оператив ҳамда 64 ГБ доимий хотира ёки 6/128 ГБ талқинларда. Гибрид бўлмачага иккинчи SIM-карта ўрнига 256 гигабайтгача бўлган қўшимча хотира ҳам қўйиш мумкин.

Платформа гап-сўзсиз энг "оғир" ўйин ва иловаларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Фақат ўйиннинг 30 дақиқаларидан кейин корпусда қизиш кузатилади.

HTC U11 қадоқда Android 7.1.1 Nougat'нинг ўзлаштирилган HTC Sense UI тизимига эга бўлган ва Android O тизимига янгилаш мумкин бўлади.

HTC U11'дан фойдаланиш Google Pixel ва Galaxy S8 Plus каби тезкор, шунингдек унинг тизими iPhone 7 каби қулай.

Камера

Фотосуратлар сифатини баҳоловчи DxOMark хизмати томонидан шу йилнинг май ойида энг яхши суратга олувчи смартфонлар рейтинги эълон қилинган эди. Унга кўра HTC U11 флагмани рейтингнинг 1-поғонасидан ўрин эгаллаган. Ҳозирги вақтда эса яқинда тақдим қилинган iPhone 8 флагманлари ундан ўзиб кетишди.

DxOMark мутахассислари Тайваннинг HTC компанияси ишлаб чиқарган камерафон имкониятларини 100 дан 90 баллга баҳолашган. Жумладан, флагмандаги бош камеранинг тезкор ва аниқ автофокус функцияси, тасвирни табиий муҳрлаш сифати, деталларга бой фотосурат олиш, ҳар қандай шароитда ҳам фотосуратлардаги динамик диапазон даражаси, оқ тус меъёрининг тўғри берилиши, ранг-тасвирнинг муҳрланиши, суратдаги хираликнинг имкон қадар пастлиги алоҳида қайд этилган.

HTC U11 учун 1,4μm пикселни қамраб оладиган 12 мегапикселли сенсор танланган. Унинг ёруғликни қамраб олувчи оптик линза кенглиги f/1.7’га тенг. Смартфон Ultrapixel 3 технологияси, суратни оптик барқарорлаштириш тизими ва қўшқаватли светодиодли фоточақноққа эга. DxOMark мутахассислари камера модулидаги камчиликлар ҳақида тўхталиб, очиқ ҳавода олинган баъзи суратларда акс этадиган ошиқча кўк тус меъёрини, ёруғлик паст шароитда видео олганда тасвирда деталларнинг камайишини қайд этишган.

Бош камера 4К сиғимли видео ёзади. Секинлаштирилган режимда эса  секундига 120 кадрли Full HD видео олиш мумкин. Видео тасвирга олишнинг муҳим жиҳати — акустик фокус. Яъни, видеога олганда тасвирни яқинлаштирсангиз, овоз ҳам кўтарилади. U11'даги 4 та микрофонда 360 градусли овоз ёзиш мумкин.

16 мегапикселли олд камера ҳам кучли "сураткаш" — кундуз, тунда, кўчада ёки ичкарида ҳам яхши селфилар олади. Унда селфи-панорама суратларни ҳам олиш мумкин. Қуйидаги суратларнинг чап томондагиси Galaxy s8’да, ўнг томондагиси U11'да олинган.

 

Овоз сифати янада таассуротли

HTC U11 кучли, деталларга бой овозга эга бўлган — меломанлар учун айни муддао.

BoomSound Hi-Fi Edition номли овоз технологияси дисплей устидаги юқори частотани узатадиган ва корпус қуйисидаги паст частота товушни узатувчи динамиклар билан янада бетакрор.

Анъанавий 3.5 мм.ли аудио-туйнук бўлмаса ҳам, USB Type-C портига мўлжалланган переходник бу муаммони ҳал қилади. Телефон билан бирга, шовқинни пасайтирувчи микрофон ўрнатилган наушниклар ҳам тақдим қилинган.

Овоз узатиш борасида HTC U11 олдида Samsung Galaxy S8 Plus ҳам ип эша олмайди.

 

Қувватдорлик

HTC U11 батареясининг сиғими 3000 мА соат. Quad HD ва IPS матрицали экран учун букамлик қилади. Ўртача фойдаланганда қувват бир кунга етади. Фотосъёмка, веб-қидирув, ижтимоий тармоқларда суҳбат қурганда кун ярмида розетка қидириб қоласиз.

Qualcomm Quickcharge 3.0 тезкор қувватлаш орқали HTC U11 аккумуляторини 1,5 соатда тўлдириб олиш мумкин.

 

Нарх-наво ва рақиблар

HTC U11 дастлаб май ойидан муайян ҳудудларда сотувга чиқарилган эди. Айни пайтда унинг энг арзони жаҳон бозорида ўртача 780 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган.

2017 йил 28 сентябрь ҳолатида «Малика»да HTC U11 6,063,000 сўмдан сотилмоқда.

Унинг бош рақиби — Galaxy S8. 5.2 млн сўмдан сотилаётган Samsung флагмани анча жозибадор кўринишга эга: ромсиз дизайн, қулай ўлчам, узоққа етадиган қувват, Mobile HDR Premium режими, Bluetooth 5.0 ва илғор камера. HTC U11 фақат овоз бўйича ғолиб келиши мумкин. Sony Xperia XZ Premium, Google Pixel, Xiaomi Mi 6 (3.5 млн) флагманлари ҳам тайванлик гаджетнинг жиддий рақиблари.

 

Хулоса

HTC U11 жиҳатларига кўра чинакам флагман. Илғор камера, кучли процессор, ёрқин экран, Edge Sense технологияси ўзига хос. Дизайнда бир оз орқада демаса, кўриниши -- жозибадор. HTC бу флагманни бренднинг ишқибозлари учун ишлаб чиқарган. Шунингдек, бу девайс – APPLE ва SAMSUNG флагманларидан чарчаганлар учун ҳам яхши танлов.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

olx.uz 750 АҚШ доллари Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!