HTC U11 Plus тармоқда "қўлга тушди"

HTC U11 Plus тармоқда

Янги HTC U11 Plus смартфони шу йилнинг 2 ноябрида тақдим қилинади. OnLeaks блогида флагманнинг 3D-рендери эълон қилинди. Шунингдек, девайсга хос баъзи функциялар ҳам маълум қилинган.

Жорий йилнинг 16 май куни Тайваннинг HTC технологиялар компанияси ўзининг U11 флагман смартфонини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган эди. 5,5 дюймли янги бу “ақлли телефон” 8 ядроли Snapdragon 835 процессори, 16 мегапикселли олд камера ва 12 мегапикселли бош камера, Edge Sense технологиясидаги сезгир корпуси билан ўзига хос.

Маълум бўлишича, HTC U11 Plus янгича дизайнга эга бўлган. Жумладан, юқори талқинда бармоқ излари сканери орқа панелга, камера объективи остига кўчирилган. Шунингдек, янги гаджет дисплейини ўраб олган ром юпқалашган.

HTC U11 Plus 6 дюймли, бугунги тенденциядан келиб чиқиб, 18:9 ўлчамли экранга эга бўлади.

HTC U11 Plus 4 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий, шунингдек 6 гигабайтли тезкор ва 128 ГБ.ли доимий хотирага эга модификацияларда ишлаб чиқарилади.

Ва, албатта, бу гал ҳам ҳозирча илғор Snapdragon 835 чипи танланган. Смартфон Android 8.0 операцион тизими бошқарувида ишлайди. Geekbench бенчмаркида HTC U11 Plus самарадорлик бўйича имтиҳондан ўтган эди. Унга кўра бу девайс бир ядрода ишлашда 1920 балл, кўп ядрода 5756 балл тўплаган. Таққослаш учун айтамиз, iPhone 8 бу ресурс имтиҳонида 4169 ва 9837 балл тўплаган.

HTC U11 Plus бош камераси ҳам 12 мегапикселли. Унинг олд камерасига 8 мегапикселли модул танланган. HTC U11 Plus роми ҳам Edge Sense функциясига эга бўлади. Смартфон 4000 мА соат сиғимли аккумулятор билан таъминланади.

HTC U11 жаҳон смартфон бозорига $650 доллардан сотувга чиқарилганини ҳисобга олсак, янги талқиннинг нархи 700 АҚШ долларидан ошиши тахмин қилинмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.