Huawei аллақачон буклама смартфон прототипини яратибди!

Huawei аллақачон буклама смартфон прототипини яратибди!

Хабарингиз бор, ҳозирда етакчи смартфонсозлар эгилувчи дисплейга эга буклама телефон яратишга зўр бериб интилмоқдалар. Хитойнинг йирик смартфонсози Huawei ҳам бу пойгадан четда тургани йўқ, деб ёзади CNET нашри.

Бу ҳақда компаниянинг истеъмолчилар билан ишлаш бўлими раҳбари Ричард Ю (Richard Yu) хабар берган.

Huawei вакилининг маълум қилишича, компания аллақачон қурилманинг ишчи прототипини яратиб бўлган. Тўғри, смартфон ҳали тўлиқ тайёр бўлганича йўқ, аммо кейинги йилиёқ ишлаб чиқаришга жорий этилиши мумкин. Ричард Юнинг таъкидлашича, маҳсулотни ҳали такомиллаштириш лозим; улар ҳозирда дисплейни буткул қайишқоқ қилиш, шунингдек, механик конструкциясининг дизайнини ҳам янада яхшилаш устида иш олиб боришмоқда.

Айни дамда тайёр бўлган прототип ўртасида озгина чегараси мавжуд бўлган иккита дисплейга эга. Бу эса ишлаб чиқарувчини қониқтирмаяпти ва Huawei шу чегарадан ҳам буткул қутулиб, битта яхлит буклама экранни яратмоқчи.

Айтиш керакки, бошқа смартфонсозлар ҳам букланувчи қурилма тайёрлаш устида иш олиб боришмоқда, аммо хитойлик ZTE улардан ўзиб кетди ва ўзгача форм-фактордаги Axon M – горизонтал тарзда букланувчи, иккита дисплейли илк смартфонни тақдим этди. Samsung’нинг буклама смартфони ҳақидаги хабарлар шу йилнинг март ойида тарқала бошлаган. Сентябрда эса компания букилувчан смартфонни сертификатлаш бўйича Корея радиотадқиқотлар агентлигига патент аризасини топширган. Galaxy X деб аталаётган ва билакка тақиладиган ушбу модел, нархи баландлиги боис, iPhone X’дан ҳам ноёб смартфон бўлади. Apple ҳам «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчигани учун бу борада LG Display компанияси билан ҳамкорликда иш бошлаган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.