Huawei бирданига учта ромсиз фаблет чиқармоқчи

Huawei бирданига учта ромсиз фаблет чиқармоқчи

Хитойда Huawei’нинг Honor суббрендига мансуб учта смартфон сертификатлашга топширилган. Бу ҳақда GizmoChina нашри хабар бермоқда.

Мазкур қурилмалар BKL-AL00, TL00 ва AL20 рақамлари билан белгиланган. Кузатувчиларнинг фикрича, бозорга улар кучли Honor V10 фаблетининг турли модификациялари тарзида тақдим этилади.

Ушбу учта талқиннинг ўзаро фарқлари ҳозирча маълум эмас, аммо уларнинг барчасига хос бўлган умумий хусусиятлар ҳақида маълумотлар бор. Айтилишича, уларга Huawei’нинг Kirin 970 процессори қўйилади. 10 нанометрли технологик жараёнда ишловчи ушбу чип 2,4 ГГц такт частотасига эга тўртта ARM Cortex-A73 ҳамда 1,8 ГГц частотали тўртта ARM Cortex-A53 ядроларини ўз ичига олади. Шунингдек, унда Mali-G72 MP12 русумли график контроллер ҳамда LTE Category 18 модеми ҳам мавжуд.

Honor V10 смартфонлари диагонали 5,99 дюймга тенг бўлган FHD+ форматли дисплей билан жиҳозланади. Унинг пикселлар сиғими 2160×1080 нуқтани, экран томонларининг ўзаро нисбати эса 18:9 (ёки 2:1)ни ташкил этади.

Фаблетнинг тезкор хотираси 6 гигабайтга тенглиги айтиляпти. Унинг модификацияларидан бири 64, яна биттаси эса 128 гигабайт ҳажмли флеш-модулга эга бўлади.

Янги смартфонларнинг корпуси орқа панелида қўшалоқ камера жойлашган, улар 20 ва 12 мегапикселли сенсорлардан иборат. Селфи-камеранинг сиғими эса 8 мегапикселга тенг.

Huawei бу фаблетларнинг корпусини металл ром билан ўраб, олд ва орқа томонини шиша панеллар билан қопламоқчи. Honor V10 гаджетлари Android 8.0 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Янги қурилмалар шу йилнинг 5 декабрида Лондонда бўлиб ўтадиган махсус тадбирда тақдим этилади. Фаблетнинг нархи 420 АҚШ доллари бўлиши айтилмоқда.

Пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуасида пластикка сотилаётган Huawei смартфонларининг сўмдаги нархлари билан эса мана бу ерда танишиш имкони мавжуд.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.