Huawei GR3: 1.3 млн сўмлик гаджет нималарга қодир?

Huawei GR3: 1.3 млн сўмлик гаджет нималарга қодир?

Баъзи бир қимматбаҳо смартфонларга қизиқувчи, бор-йўғини йиғиб-териб, флагман сотиб олишга ошиқадиган одамларни тушуниш қанчалар қийин бўлса, “телефон дегани шунчаки алоқага яраса бўлди-да” дейдиганларни англаш ҳам бугунги замонда бир оз мушкул. Бироқ, бу иккала даража ўртасида турадиган “олтин ўрталик”даги мобил алоқа воситалари ҳам бор. Улар кўринишидан флагманларни эслатади, функционл имкониятлари ҳам ҳамёнбоп смартфонлар орасида илғор. Шундай қилиб, 2016 йилдаги “олтин ўрталик”нинг бебаҳо смартфони — Huawei GR3’ни қарши олинг!

Дизайн ва материал

Корпуси тўлиқ алюминий қотишмаси металлидан тайёрланган, металл юзаси мисоли қумпуркагич билан нафис қилиб ўзига хос қум заррачаларидан иборат дизайнда тайёрланган смартфонни кўрганда, унинг флагман гаджетлардан бири бўлса керак, деб ўйлаймиз.

Аслида эса, бизнинг Huawei GR3 мана шундай махсус дизайн ва жиҳатли камтарин смартфон.

Смартфон бўйига 143.5, энига 71.0, қалинлиги 7.6 мм. У 135 грамм тош босади.

Huawei GR3 кулранг, кумуш ва тилла ранг корпусли талқинларда ишлаб чиқарилмоқда.

Экран

Huawei GR3’нинг 5 дюймли, IPS-матрицали дисплейи ҳамёнбоп смартфонларга хос равишда  HD сиғимли. Унинг бурчак кенглиги деярли 180º, экран қуёшда йўқолиб қолмайди ва ёрқинлигича қолади. Экраннинг ранг узатиши жойида. Унинг  720 x 1280 белгига тенг пиксел сиғимини айтмаганда, ҳаммаси зўр. Лекин, 5 дюймли телефон аппарати учун HD сиғими — етарли. Бироқ, ундан виртуал воқелик кўзойнагида фойдаланиб бўлмайди, аниқроғи суратлар VR-технология шлемида кўнгилдагидек чиқмаслиги мумкин. Экран пишиқ ҳимоя шишаси, доғ-дуғдан ҳимоя қилувчи қоплама билан таъминанган.

 

Платформа самарадорлиги

Ўрта нархли смартфонлар баъзида замонавий ўйинлар уёқда турсин, иловаларни ҳам қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Албатта, Huawei GR3’ни World of Tanks Blitz, Asphalt 8, N.O.V.A. 3 каби график-тасвирга бой ўйин ишқибозларига тавсия қилмаймиз.

Huawei GR3 смартфони 64 бит, 8 та Cortex-A53 ядросига эга MediaTek MT6735Tчипсети билан таъминланган. Унинг частота тезлиги 1,5 ГГц. Смартфондаги график-тасвир учун Mali-T720 видеокартаси ва WorldMode LTE-модеми масъул.

Платформа 2015 йилда ҳамёнбоп смартфонлар учун тақдим қилинган эди. LTE-смартфонларга мўлжалланган MediaTek MT6735T процессори Full HD-дисплей ва 16 мегапикселли камераларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бироқ, Huawei смартфонни қиммат қилиб юбормаслик учун бу каби қиммат қисмлардан фойдаланмаган.

Huawei GR3’нинг тезкор хотираси 2 гигабайт, доимий хотираси 16 гигабайт. microSD қўшимча хотира флешкаси орқали хотирани 128 Гб.гача кенгайтириш мумкин.

Камера

Huawei GR3 камерафон сифатида ёмон эмас. 13 мегапикселли бош камера фоточақноққа эга. Смартфон олд камераси 5 мегапикселли.

Унда олинган суратлар яхши. Шунингдек, ундан ўзига хос бирор мўъжиза кутиш ҳам — хато.

Бошқа томондан, ҳозир таниқли брендларнинг ҳамёнбоп смартфонлари орасида 13 мегапикселли бош камерага эга “ақлли телефон”ни топиш қийин.

Камера имкониятларига қуйидаги суратларга қараб баҳо беринг.

Алоқа

Huawei GR3’да бугунги алоқанинг имкониятлари жорий қилинган – Wi-Fi, Bluetooth, GPS/Глонасс. Смартфоннинг ўзига хослиги –  LTE Cat. 4 (маълумотлар узатиш тезлиги секундига 150 Мбит.гача) ҳамда 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлашида.

Дастурий таъминот

Huawei GR3 смартфони Android 5.1 Lollipop операцион тизимида фаолият кўрсатади. Аниқроғи, унда фирманинг Emotion UI 3.1 Lite номли интерфейс ўрнатилган.

Операцион тизим ихчам ва содда, қайсидир жиҳатлари билан «олма»нинг iOS тизимини эслатиб юборади. Бу ерда иловалар менюси мавжуд эмас, барча илова рамзлари бош менюдан ўрин олган.

Аккумулятор имконияти

Унинг аккумулятор сиғими 2200 мА соат. Ўртача фойдаланганда бу унга 1 кун давомида ишлаши учун кифоя қилади.

Хулоса

Шундай қилиб, Huawei GR3 қимматбаҳо корпус, яхши экран, ўртача процессор ва нархидан яхши  камерага эгалиги, LTE-тармоқни қўллаб-қувватлаши билан ўзига хос.

Хулоса

Huawei GR3

7.3балл

Huawei GR3 қимматбаҳо корпус, яхши экран, ўртача процессор ва нархидан яхши камерага эгалиги, LTE-тармоқни қўллаб-қувватлаши билан ўзига хос.

Дисплей

Процессор

Дизайн

Камера

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 1,6 млн сўм Сотиб олиш
"Малика" савдо мажмуаси 1.3 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Металл корпус
  • Жозибадор дизайн
  • Яхши камера

 Камчилиги

  • HD экран
  • Ўртача процессор
  • Кичик тезкор хотира
Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.