Huawei минглаб россияликларни алдаб келмоқда

Huawei минглаб россияликларни алдаб келмоқда

Кўп ва яхши флагман смартфон ишлаб чиқариш, мобил қурилмаларини кучли аппарат ва дастурий таъминот воситалари билан таъминлаш баробарида, фойдаланувчи қўлидаги смартфонда юзага келган муаммога ечим топиб бериш ҳам йирик смартфон брендлари олдида турган муҳим масала. Жаҳоннинг оммабоп брендларидан саналган Huawei мухлисларини техник қўллаб-қувватлашда Sony, Samsung, Apple ва бошқа ўнлаб брендлардан ортда қолмоқда. Айниқса, сўнгги вақтларда Россия смартфон бозорида юзага келаётган муаммолар бу фикрни яққол исботламоқда. Бу ердаги бу бренднинг минглаб фойдаланувчилари компания хатти-ҳаракатларидан зарар кўрмоқда.

AKKet.com нашри суриштирувларига кўра, Huawei компаниясининг Honor 6X (BLN-L21C10) смартфонини расмий дўконлардан харид қилганлар гаджетда гироскоп модулининг хато ишлаши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдлар. Натижада, видео томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва иловалардан фойдаланида муаммолар юзага келмоқда.

12 ойлик кафолат гувоҳномасига эга бўлса ҳам, компания бу муаммони ҳал этишга ошиқаётгани йўқ. Huawei вакиллари эса қуруқ гапдан нарига ўта олишмаяпти.

Шу билан бирга, бу қурилманинг 4/64 ГБ талқини сотила бошлагач, унинг NFC модулига эга нисбатан арзон талқини савдо пештахталаридан олиб қўйилди. Бу эса харидорларни қиммат талқинни сотиб олишга мажбур қилади. Ваҳоланки, Huawei расмий сайтида Россия ҳудудида сотиладиган Honor 6X'нинг арзон талқинида яқин масофада туриб тўловларни контактсиз амалга ошириш модули борлиги тўғрисида маълумот берилган.

Россиялик фойдаланувчиларнинг фикрича, Huawei қўпол равишда бу ҳудуддаги мижозларини лақиллатмоқда. Боиси, BLN-L21C10 модификациясидаги моделларда техник жиҳатдан носозлик бор ва компания уни операцион тизимдан тузата олмайди. Шу туфайли турли-туман баҳоналар билан мижозларни алдаб келмоқда.

Россияликларнинг фикрича, Huawei'ни фақат пул қизиқтиради. Ўзини ҳурмат қилган бренд эса бунақа вазиятда фойдаланувчиларга смартфонни бепул таъмирлаш ёки уни алмаштириш, муаммо учун компенсация таклиф қилган бўлар эди. Улар ундан кўра Xiaomi, Meizu каби брендларни харид қилишни тавсия қилишмоқда.