Huawei’нинг навбатдаги флагмани уч хил талқинда чиқади ва у P11 эмас экан!

  •   DiMaX
  •  621
  •  05.01.2018 15:09

Huawei’нинг навбатдаги флагмани уч хил талқинда чиқади ва у P11 эмас экан!

Хитойлик етакчи смартфонсозлардан ҳисобланмиш Huawei корпорациясининг навбатдаги флагмани – P11 ҳақида кўп маълумотлар берганмиз. Унинг 40 мегапикселли асосий камераси учта объективга эга эканлиги, дизайни купертинолик гигантнинг суперфлагманига ўхшаш бўлишидан ҳам хабарингиз бор.

ЎҚИНГ: Huawei P11 ҳатто iPhone X эгаларининг ҳам ҳавасини келтиради!

Лекин, сўнгги маълумотларга қараганда, Huawei ўзининг янги смартфонини P11 эмас, балки P20 деб номлаяпти экан, деб ёзади GizmoChina нашри. Шунингдек, мазкур флагман учта версияда тақдим этилишини айтишмоқда: оддий P20, дисплейи каттароқ бўлган P20 Plus ҳамда энг илғор P20 Pro моделлари.

Интернетда мазкур учта моделнинг чизмалари ҳам тарқалган. Уларда Huawei смартфонлари юпқа ромли катта экранга ҳамда учта модулли камерага эга тарзда кўрсатилган.

Оддий Huawei P20 модели томонлари 18:9 нисбатли экранга эга, унинг остида эса бармоқ изи сканери ўрин олади. Смартфоннинг орқа панелида асосий камеранинг сенсорлари ва чақноғи горизонтал шаклда тизилган.

Huawei P20 Plus ҳам олдинги моделга ўхшайди, лекин унинг учта датчикли камераси орқа панелнинг юқори чап бурчагида тикка ҳолда жойлашади.

Компаниянинг Huawei P20 Pro флагмани эса бу икки моделдан тубдан фарқ қилади. Экранининг юқорисида «ўйиқ» мавжудлиги сабабли, унинг олд томони iPhone X’га ўхшаб кетади. Бу моделда бармоқ изи сканери ҳам орқа панелга кўчирилади. Учта объективли асосий камера ва улар тагидаги дактилоскопик датчик смартфон орқасида, ўртада тикка жойлашади.

Хитойлик техногигант мазкур флагманларини MWC 2018 тадбири доирасида тақдим этилиши режалаштирилган. Унинг нархи ва хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар билан аввалги хабар ва мақолаларимиз орқали танишиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Уч модулли камерага эга Huawei P11 X видеоси чиқди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.