Huawei Nova Plus: ёқимли янгиланишлар билан

Huawei Nova Plus: ёқимли янгиланишлар билан

Янгилик унутилган эскиликдир, деган гап бор. Берлиндаги IFA 2016 да намойиш қилинган Huawei Nova Plus смартфонига айнан шу фикрни қўллаш мумкин. Чунки аппаратга янгича ном берилгани билан барча жиҳатлар кўра, G туркумидаги қурилмаларнинг мантиқий давоми бўлди. Huawei компаниясининг янги маҳсулоти идеал даражада тайёрлангани, металл корпуси ва ҳамёнбоплиги билан ҳурмат қозониши мумкин. Қуйида мазкур “янгилик” ва унинг техник имкониятларини нигоҳдан ўтказамиз.

Huawei Nova Plus смартфонининг техник тавсифи 

  • Экран: 5,5″ IPS 1080×1920
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 625 MSM8953 2.0 ГГц
  • График тезлатгич: Adreno 506
  • Операцион тизим: Android 6.0
  • Оператив хотира: 3 ГБ
  • Ўрнатма хотира: 32 ГБ
  • Хотира картасини қўллаши: microSD, microSDHC, microSDXC
  • Алоқа: GSM 850/900/1800/1900 || UMTS 850/900/1900/2100 || LTE 3, 7, 20
  • SIM: nano-SIM + nano-SIM (комбинациялашган слот)
  • Симсиз интерфейслар: Wi-Fi 802.11b/g/n, Bluetooth 4.1, NFC
  • Навигация: GPS, ГЛОНАСС
  • Камералар: асосий — 16 Мп (автофокус, чақноқ (вспышка), олд камера — 8 Мп
  • Датчиклар: ёритилганлик, яқинлаштириш, акселерометр, микрогироскоп, рақамли компас, бармоқ сканери
  • Аккумулятор: 3340 мАс
  • Габаритлари: 75,7×151,8×7,3мм
  • Вазни: 160 грамм

Қути ва комплектация

Huawei Nova Plus тилла рангдаги бежирим ёзувли чиройли қутига жойланган. Аппарат қути ичидаги махсус чуқурчага ўрнаштирилган. Картонли пардевор остида эса аксессуарлар жойланган. Комплект таркибидан сим картани чиқарувчи лотка, USB Type-C кабели, қувватлаш адаптери ва фирма қулоқчинлари ўрин олган. Умуман олганда, бир смартфон учун неки жоиз бўлса, барчаси мавжуд. Хавотирга ҳожат йўқ.

Ташқи кўриниш

Қурилманинг ташқи кўриниши бежирим: олд панелда суйрисимон ойна, мустаҳкам алюмин корпус ва чиройли дизайн. Компания синовдан ўтган аввалги дизайндан воз кечмаган. Бироқ экран четига қалин қора рамка тортиш билан “нимадир” қўшишга ҳаракат қилган. Корпус ранги қора-кулранг, кумушранг ва тилларанг.

Компания ўз номини экран “пешонаси”га эмас, балки қуйи қисмига ёзган. Юқори қисмдан эса динамик ва фронталь камера ўрин олган. Дастурлар интерфейсини бошқариш тугмаси экрандаги қулф очилгандан сўнг, “бўй кўрсатади”.

Смартфоннинг ён томони жуда ясси бўлиб, “қовурға” ажойиб тарзда силлиқланган.

Орқа панелда бир оз нишаблик бор. Юқори ва пастки қисмдаги вставка пластикдан ва асосий рангдан сезилар-сезилмас  фарқли.

Асосий камера корпусдан тахминан миллиметр узунликда бўртиб чиққан. Унинг остига жойланган бармоқ сканери эса бармоқ теккизилганда корпусда қарийб сезилмайди.

Доимий функциялардан ташқари датчик бир неча оргинал вазифаларни бажаради. Яъни галереядаги фотографияларни “варақлаб кўриш”, будильникни ёқиш, қўнғироқларга жавоб бериш, хабарномаларни очиш, ёпиш ва барчасини ўчириш учун сенсорли панель сифатида ишлатиш мумкин. Қизиғи, бунинг учун бармоқ сканеридан рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди ва исталган бармоқ билан бу ишларни амалга ошириш мумкин. Бунга, хавсизлик нуқтаи назаридан, мутлоқ баҳо бериш қийин. Чунки фойдаланувчилардан кимгадир бу маъқул келиши ва кимгадир ёқмаслиги турган гап.

Смартфоннинг тагида USB Type-C учун ғовак ва унинг икки ёнида динамик панжаралари ҳамда иккита ингичка антенна чизиқлари жойланган. Қулоқчин учун махсус тешик аппаратнинг “томи”да.

 

Карта учун махсус лоток смартфоннинг чап “биқин”ига бириктирилган. Конструкция икки хил хизматни ўтайди. Яъни унга иккита nano-SIM ёки битта nano-SIM ва битта хотира картасини ўрнатиш мумкин.

Ўнг “биқин”идан смартфонни ўчириб-ёқиш ва овозни бошқариш тугмачалари ўрин олган.

 Эргономика 

Huawei Nova Plus — бир мунча тойғоқ смартфон. Қўлга олганда эҳтиёткорликни оширмаса бўлмайди. Уни ушлаганда қўлингиз ҳақиқий вазмин смартфонни ҳис қилади: 160 граммлик идеал даражада тайёрланган, мустаҳкам қурилма.

Бошқарув элементлари қулай жойлаштирилган — ўнг қўл билан тутилганда, кўрсаткич бармоғингиз “сканер”га тушади. Бош бармоқ эса ёқиш тугмачасига жойлашади. Тез ва қулай.

Экран

Қурилма 5,5-дюйм 1080×1920 ўлчамли сенсор IPS-экранга эга бўлиб, бир вақтдаги 10 тагача уринишни ҳис қилади. Дисплей тули чизилишлардан ҳимоя қилувчи қайрилма ойнадан ва унда яққол сезилиб турадиган камчиликлар йўқ. У қарийб идеал даражада. Юқори кўрсаткичли зичлик — 401 ppi — тавсирлардаги ёрқин аниқликни тақдим этади. Хатто ундаги ёрқинлик кундуз кунлари ҳам бемалол маълумотлар ўқиш имконини беради.

 

Унда бир неча дастурий “фич” (ўзига хослик) бор: расмлар катталигининг турли режимлари ва ранг ҳарорати созламаси. Бу кўзларни ёрқин рангларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишда ишлатилади.

10a 10b 10c

Интерфейс

Huawei Nova Plus смартфони Android 6.0 тизимида ишлайди. Бир неча ўйин ва зарурий иловалар (WPS Office, Booking.com, Facebook ва Twitter) тўплами ўрнатилган.

Huawei`нинг хос клавиатураси унча қулай эмас, яъни тилни танламоқчи бўлсангиз, меню орқали амалга оширишга тўғри келади. Қолганлар яхши—тез ҳарф териш мумкин. Бордию доим тилни алмаштириб вақтдан ютқазмай десангиз, созлама орқали Google`дан стандарт клавиатурага ўзгартириб қўйиш мумкин.

Бироқ фирманинг хос клавиатурасининг ҳам ўзига яраша қулайликлари бор: уни экраннинг ўнг ёки чап томонига жойлаштириш орқали бир қўлда ҳарф териш учун ўзингизга қулайлаштириб олсангиз бўлади.

Созламадан виртуал бошқарув тугмачасини ёқиш мумкин. Бу «Меню», «Ортга» ва «Уйга» сингари функциялар, шунингдек, қулфлаш ва очилган иловаларни тезкор ўчириб юбориш сингари амалларнинг эквивалентидир.

Аппаратнинг ишлаши

Huawei Nova Plus флагман даражасида бўлмаса-да, имкониятлари ҳамёнбоп деган нисбатга ҳам яқин эмас. Смартфонга саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 625 (MSM8953, 2 ГГц) чипи ўрнатилган. 3 ГБ оператив хотира Android`нинг яхши темпда ишлаши учун етарли. Ички сақловчининг ҳажми 32 ГБ.

Ишлатиш чоғида қурилма ўзини яхши томондан кўрсата олди: тизим бир меъёрда ва тез ишлади. Ҳеч қандай кичик тормозланишларсиз.

Huawei Nova Plus ўйинлар чоғида ҳам жуда самарали: амалий жиҳатдан қотиш кузатилмади. Ягона муаммо—корпуснинг тез қизиб кетиши, дейиш мумкин.

Huawei Nova Plus смартфонининг AnTuTu ва 3DMark бенчмаркларидаги натижалари:

Комплектдаги қулоқчинларда овоз созлаш ва микрофон клавишлари мавжуд ва қулоққа жуда мустаҳкам ўрнашади. Уни нафақат гарнитур сифатида, балки қўшиқ тинлаш учун ҳам яхши сифатда. Бордию сиз аудиофил бўлмасангиз, Huawei Nova Plus смартфонининг хос қулоқчинлари билан мириқиб мусиқа тинглашингиз мумкин. Ягона камчилиги—мусиқа шовқинли: ўртача баландликдаги оҳанг атрофдагиларга ҳам эшитилади.

Камера

Huawei Nova Plus смартфонига 16-мегапикселли фирмага хос барча режимларга эга камера ўрнатилган. Оддий режимдаги суратлар сифати ҳам яхши. Суратга олиш тезлиги сизни ҳафа қилмайди. Фақат яқин масофадаги объектга фокус олиши учун бир лаҳза кутиш керак бўлади.

Кўчадаги суратлар:

Камера кўчада суратга олганда ёки ёрғулик етарли даражада бўлмаган бино ичида бу амал бажарилса, рангларни яхши узатади. Бироқ тунда автоматик экспозиция доим ҳам идеал даражада ишламайди. Сурат баъзан чаплашиб кетиши мумкин.

Бино ичида шундай суратга олади:

Панорамали сурат:

Huawei Nova Plus сэлфиси сал қоронғуроқ чиқади. Аниқлик борасида муаммо йўқ. Олд камера 8 Мп эканини ҳам айтиш жоиз.

Симсиз интерфейслар

Huawei Nova Plus смартфонининг навигацион қисми қувонарли даражада: GPS модули тез ишга киришади ва дарҳол сунъий йўлдош кўмаги билан турган жойни аниқлашга эришади.

Huawei Nova Plus`да Wi-Fi (802.11 b/g/n, 2,4 ГГц) ва Bluetooth`нинг тўртинчи авлоди ўрнатилган. Шунингдек, унда қурилмалараро файллар ёки ахборотлар алмашиш имконини берувчи NFC датчик ҳам мавжуд.

Автоном ишлаш 

Huawei Nova Plus смартфонининг аккумулятори қуввати 3340 мАс бўлиб, 8 соату 10 дақиқа тўхтовсиз видео томоша қилиш учун етади. Кун давомида бемалол ишлатиш мумкин. Тўла батарея кунлик интернетдан фойдаланиш, мусиқа тинглаш ва фотография томоша қилиш имконини беради. Тежамкор режимда қувват икки кунга ҳам етиши мумкин.

Huawei Nova Plus смартфони ўйин чоғида соатига 17–20 фоиз қувват сарфлайди. Демак, бемалол 5 соатга яқин ўйиндан роҳатланиш мумкин.

PCMark синовида батареянинг натижалари:

Созламада бир неча энергиятежамкор режимлар бор — самарали (унда тўла қувват билан ишлайди), ақлли (процессор ва тармоққа созланади) ва энергиятежамкор (фақат чақирув функциялари ва хабарлар алмашув учун). Сўнгги режимни батареянинг қуввати жуда оз қолганда ишлатиш мумкин ва бунда энергия икки марта кам сарфланади.

Хулоса

Ажойиб экран, сифатли металл корпус ва бенчмарклардаги яхши кўрсаткичлар  билан Huawei Nova Plus смартфони Huawei G туркумига хос қурилмалар анъналарини давом эттирганини англатади. У техник тавсифи ва дизайнига кўра ҳам жуда яхши. Фақат гибрид слот, ўйин пайтида корпуснинг қизиши бир оз кўнгилни хира қилиши мумкин. Лекин бу ҳамма учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга жиҳат эмас.

Нисбатан кучли процессор ёки дастурий таминотнинг оптималлаштирилиши тизимлар ишлаш тезлигини оширган бўларди. Шундай бўлса-да, Huawei Nova Plus смартфонининг фойдаланиш учун жуда қулайлигини эътироф этиш жоиз. Аъло камера ва тезкор дактилоскопик датчикнинг қўшилиши эса қурилманинг янада жозибали бўлишини таъминлаган.

Хулоса

Huawei Nova Plus

0балл

Ажойиб экран, сифатли металл корпусга эга ва бенчмаркларда яхши кўрсаткичларга эришган смартфон

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • яхши сифатлаги кундузги расмлар;
  • юқори даражадаги автономнлик;
  • комплектдаги сифатли қулоқчилар.

 Камчилиги

  • ўйинлар чоғида қизиб кетиши;
  • иккита карта ғовагининг комбинациялашгани.
Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Муслим Мирзажонов

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Журналист ва блогер. Интернет жамиятда томир ёзгандан бери ахборот технологияларига муҳаббат қўйган. Бўш вақтларида Terabayt.uz'да қалам тебратиб туради.