Huawei P10 – кучли камера талабгорларига “немис сифати”!

Huawei P10 – кучли камера талабгорларига “немис сифати”!

Кейинги пайтларда сайтимиз мухлислари томонидан катта қизиқиш билдирилаётган, умуман, дунё смартфон бозорида ҳам юқори баҳоланаётган қурилмалардан бири Huawei P10 моделидир. Шу сабабли сайтимиз ўқувчиларига ушбу девайс тавсифини тақдим этишга қарор қилдик.

Техник жиҳатлари:

  • Операцион тизим: Android 7.0.1’нинг Huawei EMUI 5.1 талқини;
  • Экран: 5.1 дюйм диагоналли, IPS, FullHD, 432 ppi, дисплей ёрқинлигини автоматик белгилаш функцияси бор, олеофоб (доғдан ҳимояловчи) қопламаси йўқ;
  • Процессор: саккиз ядроли HUAWEI Kirin 960: 2.4 ГГц частотали тўртта Cortex A73 ҳамда 1.8 ГГц частотали тўртта Cortex A53, Mali-G71 MP8 график тезлатгичи;
  • Хотира: 4 ГБ тезкор, 32/64 ГБ доимий; 256 ГБгача хотира картаси қўйиш мумкин (иккинчи SIM-карта ўрнига);
  • Аккумулятор: Li-Ion 3200 мА/соат, тезкор қувватлаш;
  • Асосий камера: қўшалоқ модулли: 20 мегапикселли монохром ва 12 мегапикселли рангли, f/2.2, Leica, OIS, икки тусли чақноқ;
  • Олд камера: 8 мегапикселли;
  • Алоқа тармоғи: 4G TD-LTE: 38, 39, 40 диапазонлари; 4G FDD LTE: 1, 2, 3, 4, 5, 7, 8, 9, 12, 17, 18, 19, 20, 26, 28, 29 диапазонлари;
  • Навигация: GPS, ГЛОНАСС, Galileo, BDS;
  • Интерфейслар: Bluetooth 4.2, 802.11 ac/a/b/g/n, икки диапазонли, Wi-Fi-репитер, USB 2.0, NFC;
  • Датчиклар: бармоқ изи сканери, G-датчик, гироскоп, компас, атроф ёритилганлиги датчиги, яқинлашув датчиги, Холл датчиги;
  • Қўшимча: ёруғлик-диодли индикатор; иккита микрофон – шовқинни бостириш тизими;
  • Корпус ранги: «чиннидек оқ», «кўз қамаштирувчи кўк», «кўз қамаштирувчи тилларанг», «ҳашамдор тилларанг», «графитдек қора», «кумушранг», «пушти тилларанг», «майсадек яшил»;
  • Ўлчамлари: 145.3х69.3х6.98 мм;
  • Вазни: 145 грамм.

Жамланма таркиби:

  • Смартфон;
  • USB Type-C кабелли SuperCharge қувватлаш қурилмаси;
  • Қўлланма;
  • SIM-бўлмачасини чиқариш учун скрепка;
  • Симли стереогарнитура;
  • Экран ҳимоя пардаси (ўрнатилган).

Кириш: илғорликка интилиб

Huawei қурилмалари функционаллиги ва бошқа жиҳатлари билан Samsung девайсларидан қолишмайди. Бунда компания телефон дизайнига ва материалига катта аҳамият қаратади ва натижада унинг смартфонлари кўплаб бир-бирига ўхшаш хитойча моделлардан яққол фарқланиб туради. Умуман олганда, Huawei ҳамиша А-бренд бўлишга интилиб келган ва аллақачон бу маррага яқинлашиб ҳам қолган. Фақат бу борада у Samsung’дан салгина орқароқда.

“P” туркуми смартфонларининг ўзига хослиги борасида нима дейиш мумкин? Бу – қурилма кўплаб замонавий функцияларга ва кучли камерага эга бўлишини талаб қилувчилар учун қизиқарли ва ўзаро уйғун хусусиятларга эга девайслардир. Айнан шунинг учун ҳам мазкур туркумга мансуб моделларнинг кўпчилигида асосий камера қўшалоқ модулга эга ва уларнинг ишлаб чиқилишида Leica муҳандислари иштирок этишган. Агар бундай гаджетларнинг биринчилари суратга олиш сифати бўйича бошқа компаниялар флагманларидан анча орқада бўлган бўлса, кейинги бир неча йил мобайнида Huawei бу борада улкан қадамлар ташлади. Компаниянинг қўшалоқ камералари кўпчилик фойдаланувчилар учун айни муддао бўлди – улар бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши смартфонлари даражасида сифатли суратга ола билади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Huawei Р серияси – сифатли суратлар ола биладиган замонавий смартфонлар туркумидир. Бу – энг кенг фойдаланувчилар оммасига мўлжалланган, кўплаб хитойлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан яққол ажралиб турувчи, сифатли смартфондир. Р тизмаси қурилмаларини Samsung ҳамда Apple флагманларининг тўғридан-тўғри муқобили, дейиш мумкин – улардан сезиларли даражада арзон, бироқ кундалик фойдаланиш учун улар даражасидаги функциялар тўпламини тақдим этади.

Келинг, мазкур туркумдаги сўнгги флагманлардан бири – Huawei P10 мисолида булар хусусида батафсилроқ тўхталамиз.

Дизайн, ўлчамлар ва бошқарув унсурлари

Ушбу моделга эътибор қаратганингизда биринчи кўзга ташланадигани – корпус ранглари борасидаги танлаш имконияти кенглигидир. Huawei P10 бир неча рангларда ишлаб чиқарилади, шундан келиб чиққан ҳолда, улардан ҳар бирининг ўз мухлиси мавжуд. Одатда флагманлар икки-уч ранг вариантида таклиф этилади, аммо Huawei бу борада «саховат кўрсатган».

P10 монолит корпусга эга, унинг орқа қисми бўялган алюминийдан ишланган, олд панелида эса – 2.5D эффектли Corning Gorilla Glass турибди. Янги олганингизда, экранга ҳимояловчи парда ёпиштирилган бўлади, тирналишлар сабабли у тез орада яроқсиз ҳолга келиб қолади. Гап шундаки, мазкур пардани олиб ташласангиз, қурилма экранида ёғдан ҳимояловчи – олеофоб қоплама йўқлигини кўрасиз. Экран шишасида бармоқ излари яққол сезилиб қолади. Балки, устидаги ҳимоя пардасининг ўзи етарли, деб ўйлашгандир, аммо уям тез ишга ярамай қолади.

Адолат юзасидан яна бир жиҳатини ҳам айтиб ўтиш керак: агарда Huawei P10’ни калит ё бошқа бирор ўткир, қаттиқ буюм билан битта чўнтагингизда олиб юрсангиз, телефоннинг орқа панели қопламаси ҳам ишқаланиб, нохуш кўринишга келиб қолиши мумкин. Бошида-ку буни бартараф этиш учун унинг юзасини артиш кифоя қилади – ўз ранги қайтади. Аммо бу артишлар натижасида бора-бора бўёғи едирилиб кетади ва оқ рангли металл панели очилиб қолади. Шунинг учун ҳам силикон ғилофни ҳамиша кийгизиб қўйиш – айни муддао.

 

Смартфон ўлчамлари 145.3х69.3х6.98 миллиметрни ташкил этади, вазни эса – 145 грамм. Экранининг диагонали 5 дюйм бўлган қурилма учун бу яхшигина ихчам габарит. Гарчи Samsung Galaxy S7 Edge’дан озгина ихчамроқ бўлса-да, қўлда жуда қулай ўрнашади.

Қурилманинг чап чеккасида nanoSIM-карталар учун бўлмача жойлашган. Улардан битта SIM-карта ўрнига 256 ГБгача сиғимли microSD-картасини қўйиш мумкин.

Ўнг чеккасида бўлса овозни баландлатиш-пастлатиш учун клавиш ҳамда қурилмани ўчириб-ёқиш тугмачаси жойлашган. Ўчириб-ёқиш тугмачасининг юзаси ғадир-будур қилиб ишланган, бармоғингиз тегиши билан сезилади.

Шунингдек, иккита микрофони ҳам смартфоннинг юқориги ва пастки чеккаларида жойлашган. Шовқинни камайтириш тизими яхши ишлайди. Пастки чеккасида яна USB Type-C, динамик ҳамда 3.5 мм.лик стереогарнитура улаш тирқиши ўрин олган.

Бармоқ изи сканери экран остида жойлашган. У бўртиқ тугмача эмас – босилмайди, балки ҳатто аксинча – асосий юзадан бироз ўйиқроқ. Датчик бармоқ изини жуда яхши танийди, қурилма тезда блокдан чиқади. Асосий функциялар учун датчикнинг ўзини (ва ёнидаги ҳудудни) қўллаш ёки смартфон созламалари орқали экраннинг пастки қисмига сенсор клавишларни чиқариб қўйиб, улардан фойдаланиш мумкин, уларнинг жойлашувини ҳам ўзингиз созлайсиз. Созламалар содда ва тушунарли, бошқариш қулай, янги фойдаланувчиям унга тез кўникиб кетади.

Экраннинг тепасида, чап қисмида ёруғлик-диодли индикатор жойлашган. Ўтказиб юборилган қўнғироқлар, хабарлар ва ҳоказолар бўлса у ёниб туради. Жудаям ёрқин эмас, аммо сезиларли даражада.

Дисплей

Мазкур смартфон учун экранни етказиб берувчи – JDI, бу эса унинг сифати аъло, деганидир. Дисплей диагонали 5.1 дюймга тенг, IPS, FullHD, 432 ppi, ёрқинликни автоматик созлаш функцияси мавжуд. Юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, олеофоб қопламаси йўқ. Автоматик режимда максимал ёрқинлик фақат кўчада – қуёшли жойда ишлайди. Энергияни тежаш режими «ўта кучли» ишлайди, шу боисдан, агар экраннинг ёрқинлиги автоматик белгиланадиган қилиб қўйилса, у жудаям ёруғ бўлиб кетмайди, аммо ундаги маълумотларни бемалол ўқиш мумкин бўлади.

Экраннинг рангларни узатиб бериши ҳам, қуёш нурлари остида ёрқинлашуви ҳам яхши. Умуман олганда, Huawei P10’нинг экрани турли хусусиятларига кўра ўртачадан юқори.

Яна бир ижобий жиҳати – кўзларни чарчашдан ҳимоялаш режими ҳам бор – бунда экрандаги ранглар гаммаси ўзгаради. Қўлқопда ишлаш режими ҳам мавжуд – мазкур режимда экраннинг сенсор сезгирлиги ортади.

Аккумулятор

Huawei P10 смартфонига асосий танадан ажралмайдиган Li-Ion батарея ўрнатилган. Унинг сиғими 3200 мА/соатга тенг, SuperCharge (5В/4.5A; 4.5В/5A; 5В/2A) тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шунинг эвазига қурилма ярим соат ичида 60 фоиз қувват тўплайди, бир ярим соатда эса тўлиб улгуради. Ўртача фойдаланишда унинг қуввати бир суткага етади. Қувватни тежаб ишлатишда эса икки кунга ҳам етказиш мумкин, бироқ бунинг учун смартфоннинг айрим функцияларини чеклаб қўйишга тўри келади.

Ушбу телефонда экраннинг энг юқори ёрқинлиги шароитида 11,5 соатгача узлуксиз HD-видео кўриш имкони мавжуд.

Худди кўпчилик кўниккан Samsung смартфонларидаги каби, Huawei P10 моделида ҳам батарея қуввати кўпроқ вақтга етиши учун экраннинг пикселлар сиғимини ўзгартириш мумкин. Бироқ унда фақат FullHD режими мавжуд ва HD-сифатга ўтказиш билан айтарли катта ўзгариш бўлмайди.

Қувватни тежаш учун турли режимлар назарда тутилган, улар телефоннинг ишлаш муддатини узайтиради, аммо самарадорлигини чеклаши ҳам бор.

Алоқа имкониятлари

Қурилмада NFC, шунингдек, икки диапазонли Wi-Fi 802.11 a/ac/b/g/n ҳамда Wi-Fi-репитер функцияси мавжуд. Кўпчиликни қизиқтираётган 4G’ни қўллаб-қувватлашига келсак, Huawei P10 бу тармоқда нақ 20 диапазонни қўллаб-қувватлайди!

GPS ишлаши ҳам яхши – жойлашувни аниқ ва муаммосиз кўрсатади.

Хотира ва самарадорлик

Huawei мазкур девайсга ўзининг Kirin 960 процессорини ўрнатган, у саккизта ядродан иборат: тўртта Cortex A73 (2.4 ГГц частотасида) ҳамда тўртта Cortex A53 (1.8 ГГц частотасида). Шунингдек, Mali-G71 MP8 график тезлатгичи ҳам ўз ишини аъло даражада бажаради. 4 ГБ тезкор хотираси билан мазкур қурилма синтетик тестларда жуда яхши кўрсаткичлар намоён этмоқда.

Смартфон ички хотирасига кўра икки хил ечимда таклиф этилмоқда: 32 ва 64 гигабайтлик. Тўғри, ўзингизга қанча ҳажмли хотира маъқул бўлишига қараб улардан бирини танлашингиз мумкин, лекин нархидаги фарқи айтарли катта эмаслигини ҳисобга олсак, бирйўла каттароқ хотирага эга вариантини танлайверсангиз бўлади.

Бир неча датчикларни ёқиб қўйиб ва иловаларни баравар ишга тушириб синаб кўрилганида, смартфоннинг юқори қисмида қизиш сезилди. Буни тўғри тушуниш керак – ахир, қўлимиздаги телефон – синов намунаси бўлгани учун, унда шу каби охирига етмаган ўринлар кузатилиши табиий. Чунки бунда дастурларнинг ишлашида муаммо ҳам бўлмади.

Умуман олганда, тезкор хотира ва процессорнинг ўзаро уйғунлиги кўплаб фойдаланувчилар талабини бемалол қондирадиган даражада.

Камералар

Телефоннинг олд камерааси 8 мегапикселли; унда юзни яхшилаб суратга олиш имконияти мавжуд, расмлар сифати юқори. Умуман, унда бирор инқилобий технология йўқ, аммо ўз тоифасидаги барча керакли функцияларга эга.

Асосий камераси эса қўшалоқ модулли: биттаси 20 мегапикселли монохром (оқ-қора) бўлса, иккинчиси 12 мегапикселли рангли фотомодуль, f/2.2, Leica, OIS. Камеранинг чақноғи ҳам икки тусли. Суратга олиш учун таклиф этиладиган созламалар ва камера интерфейси жуда тушунарли.

Бош камеранинг «қўш кўзли» бўлиши кенгайтирилган диафрагма режими учун керак: бунда орқа фонни чиройли қилиб «ювиш» мумкин. Унинг ажойиб имкониятларидан яна бири – суратга олиб бўлгач ҳам фокус нуқтасини ўзгартирса бўлади!

Оддий кундалик ҳаётда, ёруғлик етарли бўлган шароитларда P10 камераси ажойиб суратга ола билади. Аммо қоронғида расм сифати пасайгани сезилди – одатда шундай ҳолатларда бўлганидек, матрица ва объективларнинг ёруғликка сезгирлиги етишмайди. Бошқа ҳолларда камера тўлиқ ўзини оқлайди, лазерли автоматик фокус олиш функцияси бино ичида аниқ кадрлар олишни таъминлайди.

Камеранинг видео тасвирга олиш имкониятларига келсак, у сониясига 30 кадр тезликдаги 4К сифатли видео суратга тушира олади. FullHD сифатли видео учун эса унда тезлик сониясига 60 кадрни ташкил этади.

Чапда: iPhone 7 Plus Ўнгда: Huawei P10

Хулласи калом, Huawei P10 камерасига кўра iPhone/Galaxy даражасига кўтарилган. Мазкур жиҳати бўйича у кўпчилик хитойлик ишлаб чиқарувчилар смартфонларидан анчагина устунлигини намойиш эта билган.

Операцион тизим ва овоз хусусиятлари

Android 7 версияси мазкур қурилмада EMUI 5 талқинидаги қобиқ остида тақдим этилган. Телефонда яхши танланган энг керакли стандарт дастурлар жамланмаси бор. Улар қаторида FM-радио йўқ, лекин Huawei’нинг ўз мусиқа плеери зўр ишлайди. Смартфонда биттагина динамик бўлса-да, овози баланд ва тоза. Унинг овоз янгратиш хусусиятларини бемалол Galaxy S7 билан тенглаштириш мумкин.

Тоза ва баланд овоз, ажойиб вибрацияси бор – телефон чўнтагингизда бўладими ёки сумкангиздами – қўнғироқ келганидан бехабар қолмайсиз. Шовқинни камайтириш имкониятлари эвазига Huawei P10 ёрдамида сиз гавжум кўчада ҳам бемалол гаплаша оласиз.

Якуний таассуротлар

Huawei ўз телефонларига бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг турли моделларидаги энг илғор жиҳатларини жорий этиши – яхши ҳол. У ёки бу имкониятни қайси компания биринчи бўлиб қўллагани эмас, балки муайян смартфонда шу имконият ва функциялар мавжудлиги кўпроқ муҳим.

P10 модели ҳар томонлама муваффақиятли чиққан: бақувват қўшалоқ камера, тезкор қувватлаш ва кун давомида қуввати тугамасдан ишлаши, қулоқчинлар ва динамик орқали товушни яхши етказиб бериши… Бу шунчаки P9’нинг янгиланган кўриниши эмас, балки мутлақо янги модел бўлиб, кўп жиҳатлари билан Mate 9’га ҳам яқин.

Унинг ижобий жиҳатлари сифатида қуйидагиларни таъкидлаб ўтсак арзийди: камераси ажойиб; бармоқ изи сканери аниқ ва тез ишлайди; тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди; металл корпусли эргономик дизайн; экран рангларни узатади; USB Type-C мавжуд.

Салбий томонларига келсак: намдан ва чангдан ҳимоя йўқ; экранида олеофоб қоплама йўқ.

Нархи масаласига келсак, пойтахтимиздаги «Малика» савдо маркази дўконларида унга 5 500 000 сўм атрофида нарх белгиланган. Абу Сахий онлайн дўконида эса мазкур қурилмани 5 318 750 сўмга харид қилиш имкони мавжуд.

Хулоса тарзида айтиш мумкинки, Huawei P10 – бу қулай ўлчамлар ва кучли камерага эга ажойиб смартфондир. Бирор сабабга кўра iPhone 7 ёки Galaxy S8 харид қилишни хоҳламаган ёки бунга имкони бўлмаганларга P10 моделини бемалол тавсия этиш мумкин.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 5.3 млн Сотиб олиш
"Малика" савдо дўконлари 5.5 млн Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!