Huawei P20’лар тақдимотига таклифнома тарқатяпти – унда P20’ларнинг уч модулли эканига шама қилган

  •   DiMaX
  •  1118
  •  09.02.2018 13:09

Huawei P20’лар тақдимотига таклифнома тарқатяпти – унда P20’ларнинг уч модулли эканига шама қилган

Хитойлик техногигантнинг Huawei P20 туркумига мансуб смартфонлари MWC 2018 кўргазмасида тақдим этилмаслиги ҳақидаги миш-мишлар бундан бир ҳафта олдин тарқалган эди. Энди эса бунинг исботловчи далил чиқди – компания ўзининг навбатдаги матбуот анжуманига таклифнома тарқата бошлади.

ЎҚИНГ: Huawei P11 (P20) тақдимот санаси ва жойи тасдиқланди, аммо бу MWC 2018 эмас!

Huawei таклифномасига кўра, у жорий йилнинг 27 март куни Парижда матбуот анжумани ўтказишни режалаштирган. Мазкур тадбирда деярли ярим йилдан буён кутилаётган Huawei P20, P20 Plus ҳамда P20 Lite моделларидан иборат янги смартфонлар туркуми расман намойиш этилиши эҳтимоли юқори.

Huawei P20 ҳамда P20 Plus девайслари учта датчикни ўз ичига олган асосий камерага эга бўлиши айтилиб келаётир. Huawei тарқатган таклифномада ҳам бунга ишора қилувчи иккита унсур мавжуд. Аввало, тасвир фонида ярим шаффоф тусда учта ҳалқа туширилган. Қолаверса, таклифнома матни ичида, «see mooore with AI» жумласидаги иккинчи сўзда битта ёки ҳатто иккита ҳам эмас, балки нақ учта «o» мавжуд.

Табиийки, мазкур камеранинг фаолиятини сунъий идрок тизими тўлдиради ва яхшилайди. Яна шуниси ҳам борки, мазкур моделлар Huawei P20 ёки Huawei P11 деб номланиши ҳануз аниқ эмас.

Хабарга кўра, ушбу матбуот анжумани Париждаги йирик маданият ва кўргазмалар маркази сифатида танилган Катта сарой (Grand Palais) биносида бўлиб ўтади.

ЎҚИНГ: Муҳташам Huawei P20: уч модулли камерага эга флагманнинг илк суратларини томоша қиламиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.