Huawei қўш камерали планшет тақдим этди

  •   DiMaX
  •  825
  •  23.05.2018 15:40

Huawei қўш камерали планшет тақдим этди

Смартфонларни қўшалоқ асосий камера билан жиҳозлаш урфга кираётган пайтда Huawei нақ учта модулли камерага эга P20 Pro моделини тақдим этганидан хабарингиз бор. Хитойлик техногигант бу билан ҳам тўхтаб қолмади ва кутилмаганда қўш камерага эга планшет ҳам чиқарди.

ЎҚИНГ: MWC 2018: Huawei илғор планшетофонларни тақдим қилди

Huawei dtab Compact d-02K деб номланган янги планшетнинг бош камераси 2 + 13 мегапикселлик иккита объективга эга. Унинг  олд камераси эса 8 мегапикселли селфилар олишга қодир.

Бу гаджет диагоналига 8 дюймлик, 1920х1200 пикселли экран билан таъминланган. Huawei унга ўз ишланмаси – Kirin 659 процессорини ўрнатган ва у 3 гигабайтлик тезкор хотира билан ҳамкорликда ишлайди. Планшетнинг доимий хотираси 32 гигабайт ҳажмга эга, унга яна microSD форматли хотира картаси ҳам ўрнатиш мумкин.

Huawei dtab Compact d-02K корпуси IP6X стандартига кўра нам ва чангдан ҳимояланган, аккумулятори 4980 мА/соатлик ток сиғимига эга. Android Oreo операцион тизими бошқаруви остида ишловчи девайснинг «Уйга» тугмачасига бармоқ изи сканери татбиқ этилган. Шунингдек, мазкур планшет Harman/Kardon аудиотизими билан жиҳозланган.

«Қўшкўз» Huawei планшетини жорий йилнинг ёзида Docomo алоқа оператори сотувга қўяди. Унинг нархи ва тарқатилиш ҳудуди борасида маълумотлар йўқ. Лекин фақат Хитойда сотилган тақдирда ҳам, эҳтимол, онлайн савдо платформалари орқали унга буюртма бериш имкони туғилса керак.

Агарда онлайн харид борасида тажрибангиз етарли бўлмаса, у ҳолда товарларга «Terabayt.uz» сайтимиз орқали буюртма бериш имкони ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!