Huawei ромсиз экранли Honor V10’ни расман тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1625
  •  29.11.2017 12:24

Huawei ромсиз экранли Honor V10’ни расман тақдим этди

Хитойдаги махсус тадбирда Huawei компанияси Honor V10 смартфонини расман намойиш қилди. Янги қурилманинг хусусиятлари тўғрисида Fone Arena нашри маълумот берган.

ЎҚИНГ: Huawei смартфон ва планшетларини харид қилганларга Ucell мегабайтлар беряпти

Honor V10, аввало, урфга кирган ромсиз экранли дизайни билан эътиборга лойиқ. Томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган мазкур дисплейнинг ўлчами диагоналига 5,99 дюймни ташкил этади. Унинг тасвир сифати эса Full HD+ (2160 x 1080 пикселли) форматида.

Смартфон корпуси металлдан ишланган, унинг қалинлиги атиги 6,97 миллиметрни ташкил этади. Гарчи экраннинг ён томонлари ромсиз бўлса-да, унинг тепа ва пастки қисмларида ром мавжуд. Қойил қоларли жиҳати – Huawei айни шу юпқагина пастки ромда «Уйга» механик тугмаси ҳамда унда бармоқ изи сканерини жойлаштира олган.

Девайс тезкор ва ички хотирасининг ҳажмига кўра бир нечта версияда тақдим этилган: 4/64 ГБ, 6/64 ГБ ва 6/128 ГБ. Унга Huawei’нинг «сунъий идрокли» Kirin 970 процессори, ўрнатилган. Айтиш керакки, компаниянинг сўнгги флагманлари, жумладан, Mate 10 Pro модели ҳам шу процессор базасида ишлайди.

ЎҚИНГ: Хитойда энг оммабоп премиум-смартфон аниқланди, аммо бу iPhone X эмас...

Honor V10 моделига қайтадиган бўлсак, унинг асосий камераси қўшалоқ – 16 мегапикселли RGB-сенсор ҳамда 20 мегапикселли монохром сенсорлардан иборат. Смартфоннинг «сунъий идрок» тизими камеранинг энг мақбул созламаларини автоматик тарзда ўрнатиб, лавҳалар ва объектларни тезкорлик билан фарқлай билади. Селфи учун эса 13 мегапикселли камера ажратилган бўлиб,  у ҳам портретлар учун «сунъий идрок» тизими билан тўлдирилган.

ЎҚИНГ: Huawei мақтанди: «Бу сизга смартфон эмас!» (+видео)

Huawei мазкур моделига EMUI 8.0 қобиғидаги Android Oreo операцион тизим талқинини жорий этган. Аккумулятор сиғими ҳам зўр – 3750 мА/соат бўлиб, унга 5V/4.5A тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган. Смартфон иккита SIM-карта билан ишлай олади, тағин уларнинг ҳар иккаласи ҳам 4G VoLTE технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, симсиз алоқанинг Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 4.2 LE, NFC, GPS интерфейслари жорий этилган, USB Type-C порти мавжуд.

Янги смартфон тўрт хил: қора, мовий, тилларанг ва қизил рангларда тақдим этилган. Девайснинг ўлчамлари 157 х 74,98 х 6,97 миллиметрни, вазни эса 172 граммни ташкил этади.

Honor V10 қиймати эса хотира ҳажмига боғлиқ: 4/64 ГБлик версияси 409 доллар, 6/64 ГБлик талқини – 454 доллар, 6/128 ГБлик версияси эса – 530 долларга нархланган. Унинг савдоси 5 декабрдан бошланиши хабар қилинган.

ЎҚИНГ: «Малика»да Huawei смартфонлари нархлари – пластик орқали харид қилинг! (2017 йил 28 ноябрь)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!