Huawei сир тутган «тўрт кўзли», ромсиз флагман «қўлга тушди»

  •   DiMaX
  •  2227
  •  12.09.2017 17:49

Huawei сир тутган «тўрт кўзли», ромсиз флагман «қўлга тушди»

Huawei компанияси шу кунларда битта янги смартфон тайёрлаган, аммо уни расман ошкор этмаган. Қурилма ҳақидаги маълумотлар Хитой Телекоммуникацион жиҳозларни сертификатлаш марказининг сайтида пайдо бўлган.

Huawei RNE-AL00 маркировкали бу моделнинг дисплейи смартфон олд панелини деярли буткул қоплаб олган бўлиб, трендга кўра томонларининг ўзаро нисбати 18:9 га тенг, гардиши ромсиз дегудек даражада минимал. Экран диагонали 5,99 дюймни ташкил этади, дисплей сифати – Full HD+ (2160 x 1080 пикселли).


Ушбу смартфоннинг асосий хусусиятларидан яна бири – ҳар иккала камераси ҳам қўшалоқ модулга эга эканлигидир. Унинг асосий камераси 16 ва 2 мегапикселли, олд камераси эса 13 ва 2 мегапикселли объективларни ўз ичига олган.

Смартфон металл корпусга маҳкамланган, орқа панелида дактилоскопик сканери бор. У Huawei’нинг ўз процессори – саккиз ядроли Kirin 659 базасида ишлайди. Тезкор ҳамда ички хотираси тегишлича 4 ва 64 ГБ ҳажмга эга. Бундан ташқари, microSD форматидаги карта ёрдамида унинг хотирасини яна 256 гигабайтга кенгайтириш имкони мавжуд.


Сирли смартфоннинг аккумулятори 3240 мА/соат сиғимга эга. У иккита SIM-карта билан ишлай олади, симсиз алоқанинг 4G LTE, Wi-Fi (802.11 b/g/n), Bluetooth 4.2, GPS ва ГЛОНАСС интерфейсларини қўллаб-қувватлайди.

Huawei’нинг бу маҳсулоти EMUI қобиғидаги Android 7.0 Nougat операцион тизими бошқаруви остида ишлайди. Корпусининг ўлчамлари 156,2 х 75,2 х 7,5 миллиметрга, вазни эса 164 граммга тенг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.