Huawei "сунъий онг"ли Mate 10 флагманларини тақдим қилди

Huawei

Жаҳоннинг энг муваффақиятли смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Huawei бугун Германиянинг Мюнхен шаҳрида Mate 10 ва Mate 10 Pro флагман смартфонларини тақдим қилди. Янги "байроқдор"лар «нейронли процессор» деган маркетинг атамаси билан алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, унинг стилус-қаламчаси махсус датчик билан таъминланган бўлиб, энди қайд ёки маълумотларни симсиз бу қаламчада оддий қоғозга ёзсангиз ҳам, улар автоматик равишда смартфонга тушади.

Huawei Mate 10 Pro 6 дюймли, OLED матрицали, Quad HD (1080 x 2160 пикселли) сиғимли ва томонлари 18: 9 нисбатли ромсиз экранга эга бўлган. Унинг кўриниши рақиблари бўлмиш Xiaomi Mi Mix 2, LG G6, Samsung Galaxy S8 ҳамда Essential Phone'га ўхшаш. Суратда кўриниб турганидек, экран атрофи ром ва ҳошиядан холи бўлган.

Huawei Mate 10 Pro орқа панели шишадан тайёрланган. Бундан мақсад қурилмага симсиз қувват олиш технологиясини жорий қилиш, албатта!

Қурилма корпусининг ўнг томонида ўчириб-ёқиш, овоз бошқариш тугмалари, орқа панелда эса бармоқ излари сканери жойлаштирилган.

Орқа панелда, шунингдек Leica'нинг қўш сенсорли бош камераси ҳам мавжуд. Бу сенсорлардан бири 12 мегапикселли ва у рангли сенсор ҳисобланади. Иккинчи -- 20 мегапикселли модул эса монохром сенсор. Уларга ёруғлик тақсимлашда ҳозирча энг илғор бўлган f/1.6 диафрагмаси ва оптик барқарорлаштириш тизими ўрнатилган.

Шу билан бирга, Huawei'да биринчилардан бўлиб IP67 гувоҳномаси бўйича ҳимояланган гаджет пайдо бўлди. Энди сув таъсиридан қўрқмаса ҳам бўлади.

Флагман тезкор хотираси 6 ГБ, доимий эса талқинидан келиб чиқиб 128 ёки 256 ГБ.

Смартфон қора, кул ранг, пушти ва тилла рангли корпусларда ишлаб чиқарилади. Яна бир муҳим жиҳати -- Huawei бу флагманида 3.5 мм.ли аудио туйнукдан воз кечган.

PC сифатида фойдаланинг
Смартфонни ташқи дисплейга улаб, ундан компьютер сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Бу ҳолатда смартфоннинг ўзи виртуал тачпад воситасига айланади.

«Нейронли процессор»
Kirin 970 чипи 2,8 ГГц частота тезлигига эга. 8 ядроли (4x Cortex A73 ва 4x Cortex A53) бу процессор маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайди.

Kirin 970 процессорида алоҳида NPU (Neural Processing Unit) деб номланган блок мавжуд. Бу қисмга жорий қилинган "сунъий идрок" технологияси ёрдамида смартфон "ақлли машина"га айланади ва қатор илғор функцияларни бажаради. Мисол учун, бу технология смартфонга фотосуратдаги буюмларни таниб олиш, олинган суратларни сифатли қилиб қайта ишлаш каби вазифаларни бажаради. Истиқболда Huawei ҳар бир смартфонига бу технологияни татбиқ қилмоқчи.

Бу жиҳат илк маротаба Apple’нинг сўнгги A11 Bionic чипида ҳам татбиқ қилинган. Шунингдек, Huawei Mate 10 Pro'да график-тасвирларни қайта ишлаш учун Mali G72 видео-картаси ўрнатилган.

Huawei Mate 10 Pro аккумуляторининг сиғими 4000 мА соат. Шунингдек, Huawei SuperCharge ёрдамида смартфон 30 дақиқада ўз қувватини 58 фоизга тўлдиради. Процессорда қувватни самарали тақсимлаш тизими ўрнатилган. Бу қувват билан смартфонда 22 соат видео томоша қилиш мумкин.

Флагман Android 8.0'нинг ўзлаштирилган EMUI 8.0 тизимида ишлайди. Жумладан, унинг экранини бир неча қисмларга бўлиб фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, тақдим қилинган HUAWEI Mate 10 смартфони "акаси"дан бир оз кичик -- у 5.9 дюймли, томонлар нисбати 16:9 га тенг, деярли ҳошиясиз экранга эга бўлган. Қолаверса, бу модел 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага эга бўлган. Шу билан бирга, Mate 10 хотирани катталаштириш мумкин бўлган microSD бўлмачасига эга.


Pro талқинда "Cat 18 radio" функцияси мавжуд. Яъни, gigabit LTE тезлигини, секундига 1.2 ГБ маълумот юклашни уддалайди. Mate 10'нинг бармоқ излари сканери бош тугмага жорий қилинган бўлса, Pro талқинида бу сканер орқада жойлашган. Қолган жиҳатлари Mate 10 Pro билан бир хил.

Нарх-наво ва "об-ҳаво"
Бу гал компания нарх борасида камтаринликни йиғиштириб қўйган ва флагман нархи iPhone 8'ни ҳам уялтиради. Huawei Mate 10 Pro аввалига Европада ноябрда сотувга чиқарилади. Унинг энг арзон талқини (128 Гб) 944 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади. Юқори версиядаги (256 гигабайтли Porsche дизайни) 1,645 доллардан сотилади. HUAWEI Mate 10 эса шу ойдан бошлаб 825 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.