Huawei сувдан қўрқмайдиган илк планшетини чиқарди

  •   DiMaX
  •  981
  •  12.10.2017 12:32

Huawei сувдан қўрқмайдиган илк планшетини чиқарди

Huawei компанияси IP67 гувоҳномасига эга, яъни сувдан ҳимояланган биринчи планшетини тақдим этди. Бу модел Honor WaterPlay деб номланди, дея хабар беради GizmoChina.

Планшет диагонали 10,1 дюймлик, сифати 1920x1200 пикселли QXGA-дисплей билан жиҳозланган. Унинг бармоқ изи сканери «Уйга» тугмачасига жойлаштирилган. Камераси 8 мегапикселли, стереодинамиклари эса Histen 3D ҳамда harman / kardon технологияларига эга.

Honor WaterPlay’нинг «юраги» – Huawei’нинг ўз маҳсулоти бўлмиш саккиз ядроли Kirin 659 процессори. Қурилма тезкор ва доимий хотирасининг ҳажмига кўра уч хил – 3/32, 3/64 ва 4/64 гигабайтлик талқинларда ишлаб чиқарилади. Булардан учинчиси LTE-тармоқни ҳам қўллаб-қувватлайди. Барча версияларига 256 гигабайтгача ҳажмли microSD форматидаги хотира картасини қўйиш мумкин.

Гаджетнинг ўлчамлари 248х173х7,8 миллиметрни, вазни эса 465 граммни ташкил этади. Аккумуляторининг сиғими – 6660 мА/соат.

Сувдан қўрқмайдиган бу планшет Huawei ишланмаси – EMUI 5.1 қобиғи остидаги Android 7.0 Nougat операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди. Унда симсиз алоқанинг Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.1 LE ҳамда GPS интерфейслари кўзда тутилган. Девайс USB Type-C порти ҳамда 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш билан ҳам жиҳозланган.

Huawei Honor WaterPlay тилларанг ва кумушранг вариантларда тақдим этилмоқда. Унинг нархлари – конфигурациясига қараб 303 дан 410 АҚШ долларигача эквивалентида. Гаджет 24 октябрдан Хитойда савдога чиқарилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!