Huawei тақдимот арафасида Mate 10 олган илк суратларни эълон қилди

Huawei тақдимот арафасида Mate 10 олган илк суратларни эълон қилди

Бугун Huawei компаниясининг Германияда Huawei Mate 10 флагманига бағишланган йирик намойиш олдидан унинг камераси олган илк суратлар эълон қилинди. Бу суратларни компаниянинг маҳсулотлар бўйича бош менежери Брюс Ли эълон қилди.

Машҳур инсайдер Эван Бласс ўзининг Twitter-аккаунтида Mate 10 Pro моделининг илк сифатли суратини эълон қилиб, қурилма ромсиз экранга ҳамда Leica билан ҳамкорликда ишланган қўшалоқ кучли камерага эга бўлишини айтган эди. Унинг камерасида олинган илк суратларга сиз ҳам баҳо беринг.

Тасдиқланган маълумотга кўра, мазкур смартфон асосий камерасининг ҳар иккала модули ҳам, худди LG V30’ники каби, f/1,6 ёруғлик кучига эга объектив билан жиҳозланган. Камеранинг ўзи эса, худди фотостудиядаги каби суратга олишнинг 14 та сценарийсини қўллаб-қувватлайди. Бу худди iOS 11 тизим талқинидаги Portrait Lighting функциясининг аналогидир.

Huawei Mate 10 модели диагонали 6,1 дюймли, сиғими 2560х1440 пикселли дисплей билан таъминланади. Флагман 6 гигабайтли тезкор хотирада фаолият кўрсатади. Яна бир муҳим жиҳати — унда Amazon Alexa виртуал ёрдамчи тизими ва компания томонидан яратилган сунъий ақл тизими ўрнатилади.

Смартфонларнинг аккумулятор сиғими 4 000 мА/соатни ташкил этади ва у тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Мазкур технология ҳам Huawei’нинг ўзи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, нейрон тармоқлари базасида ишлайди.

Компания ролигида айтилишича, Mate 10 худди одамлардек ўрганишга, ўйлашга ва кўришга қодир, смартфоннинг ишлаш принциплари эса инсон миясининг ишлаш тамойиллари билан чамбарчас боғлиқдир. 

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.