Huawei «тўрткўз» икки чақноқли Maimang 6’ни тақдим этди (+фотолар)

  •   DiMaX
  •  2142
  •  22.09.2017 18:01

Huawei «тўрткўз» икки чақноқли Maimang 6’ни тақдим этди (+фотолар)

Кутилганидек, Huawei компанияси бугун – 22 сентябрь куни Хитойда ўзининг ромсиз Maimang 6 смартфонини тақдим этди. Бу ҳақда ишлаб чиқарувчининг сайтида маълумот берилган.

Ромсизлик трендига эргашиб...

Ўтган йилги Maimang 5 моделининг «авлоди» бўлган бу қурилма Full HD+ сифатли (2160 х 1080 пикселли), диагонали 5,9 дюймли дисплейга эга.

Томонларининг ўзаро нисбати 18:9 (ёки соддароқ қилиб айтганда – 2:1) бўлган ромсиз экран смартфон олд панелининг 83 фоизини қоплаб олган.

«Тўрт кўзли» ва ҳар икки томони чақноқли!

Maimang 6 смартфонининг асосий ўзига хосликларидан бири – ҳар иккала камераси ҳам қўшалоқ объективларга ва чақноқларга эга эканлигидир. Асосий камера 16 ва 2 мегапикселли фотомодуллардан иборат бўлса, селфи учун 13 ва 2 мегапикселли датчикларга эга камера қўлланади. Мобил фотография ишқибозлари учун ажойиб топилма!

«Юраги» ҳам бегона эмас

Гаджетнинг аппарат қисмига келсак, унга Huawei’нинг ўз маҳсулоти бўлган саккиз ядроли Kirin 659 процессори ўрнатилган. Қурилманинг ишлаш самарадорлиги юқори бўлишида 4 гигабайт ҳажмли тезкор хотирасининг аҳамияти катта.

Телефоннинг ички хотираси 64 гигабайтли бўлиб, яна 256 гигабайтгача ҳажмли microSD форматидаги хотира картаси қўйиш мумкин. Maimang 6 аккумулятори 3340 мА/соат сиғимга эга.

Илғор хусусиятлари бисёр

Янги девайс Huawei’нинг ишланмаси – EMUI 5.1 қобиғи остидаги Android 7.0 Nougat операцион тизим талқинида ишлайди, иккита SIM-картани ўқий олади.

У симсиз алоқанинг 4G VoLTE, WiFi 802.11 b/g/n, Bluetooth 4.2, GPS ва ГЛОНАСС, NFC каби интерфейсларини қўллаб-қувватлайди.

Нархини айтмайсизми, нархи...

Huawei Maimang 6 корпуси уч хил – тилларанг, кўк ва қора рангларда тақдим этилмоқда. Унинг сотуви 30 сентябрда бошланади, нархи 364 АҚШ долларини ташкил этади.

Айни дамда бу маҳсулот маҳаллий бозорга мўлжалланган. Гап-сўзларга қараганда, кейинроқ Maimang 6 моделининг халқаро версияси Huawei G10 ёки Huawei Mate 10 Lite номи остида чиқарилиши мумкин.

iPhone X’га рақибми?

Аввалроқ, хитойлик компания бу смартфонини Apple’нинг «юбилей айфони»га рақобатчи сифатида тайёрлаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ унинг кўпгина жиҳатлари iPhone X’га муносиб рақиб бўла олмаслигини кўрсатмоқда.

Балки, Huawei бу девайснинг халқаро версиясини бироз «кучайтириб» чиқарар? Воқеалар ривожини биз билан кузатинг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!