Huawei Training Effect технологиясига эга фитнес-трекерни тақдим қилди

Huawei Training Effect технологиясига эга фитнес-трекерни тақдим қилди

Хитойнинг Huawei компанияси Band 2 ва Band 2 Pro деб ном олган 2-авлод фитнес-трекерларини тақдим қилди.

Техник имкониятлари

Мазкур билак гаджети фойдаланувчининг қадамини ҳисоблаш, масофа оралиғини белгилаш, тезликни ўлчаш ҳамда сарф қилинган калорияни ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, юрак уришини назорат қилиш, смартфондаги кириш қўнғироқлари ва смс-огоҳлантиришлар ҳақида хабар беришга ихтисослашган.

Ўзига хосликлари

Фитнес-трекерларга хос жиҳатлардан ташқари, Band 2 ва Band 2 Pro гаджетларига VO2 Max датчиклари ўрнатилган бўлиб, бу сенсор фойдаланувчи танасининг ҳаводан кислород ажратиб олиш имконини баҳолайди.

Huawei вакилининг сўзларига кўра, Band 2 ва Band 2 Pro' нинг маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш аниқлиги 95 фоизни ташкил қилади.

Ҳар иккала модел корпуси сув ўтказмас корпусга эга бўлган. Яъни, улардан чўмилиш ҳавзасида, душда ёки ёмғир остида фойдаланиш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат -- Band 2 ва Band 2 Pro фитнес қурилмаларида Training Effect технологияси жорий қилинган. Натижада, гаджетлар спорт машғулотларининг самарасини ва фойдаланувчининг ҳолатини ҳисоблаб боради. Шунга кўра, гаджет фойдаланувчи толиққанини қайд этиб, машғулотларни давом эттиришнинг мақбул вақтини тавсия қилади.

Band 2 ва Band 2 Pro электр токи сиғими 100 мА соат бўлган аккумуляторлар билан таъминланган. Бу эса аксессуарларга бир маротабалик тўлиқ қувват билан 1 ҳафта ишлаш имконини беради.

Huawei Band 2' дан фарқли равишда, Band 2 Pro қўшимча жиҳат -- GPS-модулига эга бўлган. Бу сенсор TruSleep технологияси учун жорий қилинган ва у фойдаланувчининг нафас олишига кўра, уйқу жараёнини назорат қилади.

Шунингдек, Pro  талқинда Running Coach деб номланган югуриш бўйича махсус мураббий-технология мавжуд.

Ҳозирча фитнес-қурилмаларнинг нарх-навоси эълон қилинмаган. Аввалги авлод машқ-трекерлари халқаро бозорда ўртаа 100 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!