Humo: миллий мессенжер ёки кўчирмачилик маҳсули?

Humo: миллий мессенжер ёки кўчирмачилик маҳсули?

Глобаллашув кундан-кунга кучайиб борар экан ҳар бир давлатга ўз фуқаролари билан суҳбатлари кузатилишидан қўрқмасдан мулоқот қилиши ёки шахсий маълумотлари сизиб кетишининг олдини олиш учун ўзининг миллий мессенжер ва ижтимоий медиа платформаларига эга бўлиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабаб ҳам ўтган йилнинг 23 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ахборот-коммуникасия технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 357 сон қарори имзоланди. Унга кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг ходимлари ўртасида хизмат ёзишмаларини ҳимояланган тарзда амалга ошириш учун миллий мессенжерни ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган.

Маълум бўлишича, юқоридаги қарорга мувофиқ Unicon-Soft МЧЖ томонидан "Humo" номли мессенжер ишлаб чиқилган (Xushnudbek.uz орқали). У барчамизга таниш бўлган, очиқ кодли Telegram мессенжерига асосланган ҳолда ёхуд у билан деярли бир хил кўринишда яратилган.

""Ооо, зўрку, ваниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмиз" дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Telegramми ёки Humoми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Telegramдан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш... )))", – дейди Хушнудбек ўз Telegram каналида.

Ҳақиқатда, ҳозирда фақат Windows ва Android қурилмалар учун мавжуд бўлган Humo иловасини ҳозирги Telegram версиясидан ажратиш қийин. Агар илова логотипи ва унинг ичидаги иконкаларнинг ўзгартирилганлигини ҳисобга олмасак, уни Telegramънинг ўзгинаси дейиш мумкин. Функцияларга келадиган бўлсак, мессенжерда Telegram'нинг энг базовий функциялари қолдирилган. Канал очиш, ўз-ўзини йўқ қилувчи хабарлар юбориш ва хабарларга реакция билдириш каби хусусиятлар олиб ташланган. Бу худди Telegram'нинг фақат суҳбатлашиш учун чиқарилган версиясига ўхшайди.

Таъкидлаш жоизки, телефондаги оддий SMS'лашувдан фарқ қилмайдиган Humo миллий мессенжери бепул эмас: ундан фойдаланиш учун абонент тўлови мавжуд бўлиб, у ҳар бир фойдаланувчи учун 25,200 сўмни ташкил қилади. Ўзи шундоқ ҳам бир дунё фойдали хусусиятларга эга Telegram мессенжерининг яна қўшимча функциялар жамланган Premium обунаси эса ойига атиги 33 минг сўмни ташкил қилади.

Эҳтимол, Humo мессенжери ҳамма учун чиқарилмаган. У фақат ҳар бир ходими учун пул тўлайдиган давлат ташкилотлар учун чиқарилган. Ана шундай ташкилотларда хабар алишиш учун Telegram ва унинг бошқа клиентларидан фойдаланиш тақиқланса ҳам ҳайрон бўлмаслик керак. 

Humo мессенжери нима учун ишлаб чиқарилган деган саволга эса уни ишлаб чиқарувчи МЧЖ бўлим бошлиғи Музаффар Раҳимбердиев шундай жавоб беради:

"Telegram серверлари бизда, Ўзбекистон ҳудудида жойлашмаганлиги учун (уни) хавфсиз деб айта олмаймиз. Яъни маълумотлар ташқарига чиқиб кетиши мумкин. Яъни бошқа чет давлатларининг серверларида турибди. Шунинг учун ўзимизнинг миллий ва хавфсиз мессенжер ишлаб чиқилди."

Ҳа, Telegram'да сизнинг хабарларингиз бир эмас, бир нечта чет давлатларидаги серверларда сақланади, лекин улар шифрланган бўлади. Хабарларингиз бошқалар кузатувидан хавфсиз бўлиши учун уларни очиш калитлари бир нечта қисмларга бўлинган ҳолда турли мамлакатлардаги турли серверларда сақланади. Бу шуни англатадики, гарчи Telegram'нинг маълум бир давлатдаги сервери олиб қўйилган тақдирда ҳам, қолган серверларсиз ҳеч ким сизнинг хабарларингизни ўқий олмайди.

Telegram мобил иловасининг Secret Chat функцияси билан бошланган ҳар бир чат билан эса сиз тўлиқ хабарларингиз устида тўлиқ махфийликка эга бўлишингиз мумкин. Бунда хабарларингиз фақатгина сиз ва иккинчи томон қурилмасида охиригача шифрланган ҳолда сақланади, лекин бунда сиз чатга бошқа қурилмаларингиздан кира олмайсиз. Шундай экан, агар хабарларингиз Telegram серверларида сақланишини хоҳламасангиз бошқа мессенжерга ўтишга ёки бошқа мессенжер яратиб олишган асло ҳожат йўқ.

Эслатиб ўтиш жоизки, ўтган йилнинг июл охирида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан "Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқлар бўйича стартап лойиҳалар" мавзусидаги стартап лойиҳалар танлови бошланган эди. Бироқ ўтган йилнинг oктябрь ойида тугаши керак бўлган танлов натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

ЎҚИНГ: Нега аксар йирик компаниялар кўплаб ходимларини ишдан бўшатишяпди?