Ичкаридан нигоҳ: iPhone 8’ни очиб кўришди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1812
  •  23.09.2017 16:04

Ичкаридан нигоҳ: iPhone 8’ни очиб кўришди (+видео)

Машҳур iFixit ресурси мутахассислари Apple’нинг яқинда савдога чиқарилган iPhone 8 смартфонини очиб кўришди. Мазкур жараённи акс эттирувчи мақола ва суратларни сайтга, видеони эса YouTube-каналига жойладилар.

«Аждоди»га жудаям ўхшаш

iPhone 8 битта олдинги авлод – iPhone 7 моделига нафақат ташқи кўриниши, балки ичидаги қисмлари жиҳатидан ҳам жуда-жуда ўхшаш экан. iFixit ходимлари буни дисплейни ажратиб кўришлари биланоқ пайқашди.

Аввалига улар қурилмани рентген орқали текшириб, суратини олишди. Маълум бўлишича, олд панел остидаги бутловчи қисмларнинг жойлашуви iPhone 7’дагидан умуман ўзгарган эмас, фақат батареяси сал кичрайган. Аввалги айфонда аккумулятор 7.45 Вт/соат (яъни, 1960 мА/соат) бўлса, iPhone 8 батареяси 6.96 Вт (яъни, 1821 мА/соат) экан.

Кейин эса қурилмани қисмларга ажратиб кўришди. Ҳаммасидан ҳам шишадан ишланган орқа панелни очиш қийин бўлди. У дарз кетгани йўқ, лекин смартфоннинг металл каркаси сал эзилди.

Марҳамат, бу қизиқарли жараённи видеолавҳада ўзингиз томоша қилинг:

 

Уни таъмирласа бўладими?

iPhone 8’ни таъмирлаш масаласига келсак, ҳар ҳолда, дисплейни ва батареяни алмаштиришда муаммо туғилмайди. Бу жуда муҳим, зеро, сервис марказларига мурожаат қилаётганларнинг аксарияти айни шу қисмлардаги муаммолар билан келишади.

Текширув ишлари натижаларига кўра, iFixit жамоаси iPhone 8’нинг таъмирга яроқлилигини ўн баллик шкала асосида 6 баллга баҳолади. Бу кўрсаткич металлдан ясалган iPhone 7’дан битта бирликка паст, аммо барибир энг асосий рақиб – Samsung флагманларидан юқори.

Эсингизда бўлса, Galaxy Note 8’ни очиб кўрган iFixit мутахассислари унинг таъмирга яроқлилигини 4 баллга муносиб, деб топишган эди. Мазкур кўрсаткич бўйича бу йилнинг таъмирлаш мушкул смартфонларини мана бу мақоламизда ўқишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!