ICTWEEK Uzbekistan 2016 ҳафталиги 19–23 сентябрь кунлари бўлиб ўтади

ICTWEEK Uzbekistan 2016 ҳафталиги 19–23 сентябрь кунлари бўлиб ўтади

19–23 сентябрь кунлари ICTWEEK Uzbekistan 2016 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига асосланиб Daryo.uz хабар бермоқда.

АКТ ҳафталигини ўтказишдан кўзланган мақсад АКТ соҳасида сўнгги бир йил ичида эришилган амалий натижаларни таҳлил қилиш, афзалликларни ўрганиб, имконият ва истиқболларни чамалаб, фаолиятнинг турли соҳаларида АКТни жорий этиш юзасидан илғор тенденцияларни амалга татбиқ этиш, миллий ва халқаро ютуқларни уйғунлаштириш, асосий урғу қаратилган «электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштиришда жаҳондаги илғор давлатлар тажрибасини ўзлаштиришдан иборат.

ICTWEEK Uzbekistan 2016 ташкилотчилари — Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциацияси ҳамда ICTNEWS Conferences муассасаси. Тадбир Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида бўлиб ўтади.

ICTWEEK Uzbekistan 2016 ҳафталигини ICT Summit 2016 — ахборот-коммуникация технологиялари саммити бошлаб беради. Саммит 20 сентябрь куни Халқаро бизнес марказида умумий йиғилиш форматида ташкил этилади. ICT Summit 2016 да давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул раҳбарлари, маҳаллий ва халқаро экспертлар, ахборот технологиялари компаниялари вакиллари, таҳлилчилар иштирок этади.

Бундан ташқари, ICTWEEK Uzbekistan 2016 доирасида ICTExpo 2016 халқаро АКТ маҳсулотлари кўргазмаси 21–23 сентябрь кунлари бир вақтнинг ўзида Тошкент (21–23 сентябрь) ҳамда Наманган (21–22 сентябрь) шаҳарларида ташкил этилади. Кўргазмани бир вақтнинг ўзида икки шаҳарда ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда АКТдан фойдаланиш, хизмат ва маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёж даражасининг ҳудудларда ҳам жадал ўсиб бораётганини кўрсатишдан иборат.

Ҳафталикнинг яна бир муҳим воқеаси — Internet Forum 2016 да миллий ва халқаро интернет маҳсулотлари ҳамда ишланмалари соҳасида эришилган ютуқ ва натижалар муҳокама қилинади. Форум 21–22 сентябрь кунлари Халқаро бизнес марказида бўлим ва секцияларга, маҳорат дарслари ва муҳокама доираларига бўлинган шаклда ташкил этилади.

Ҳафталикнинг асосий воқеалари қаторидан мамлакатнинг АКТ соҳасида фаолият юритаётган фаол ёш дастурчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Best Soft Challenge, Intellec2all ҳамда Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаси мутахассислари ўртасида илк маротаба ўтказилган Cyber Security Challenge танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари, Халқаро электр алоқа иттифоқининг семинари каби тадбирлар ўрин олган.

19 сентябрь куни жамоатчиликни ҳафталик режалари билан яқиндан таништириш мақсадида Халқаро бизнес марказида ICTWEEK Uzbekistan 2016 га бағишланган матбуот анжумани ташкил этилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!