ICTWEEK Uzbekistan–2016: нуфузли ҳафталик старт олиш арафасида

ICTWEEK Uzbekistan–2016: нуфузли ҳафталик старт олиш арафасида

19-23 сентябрь кунлари Ўзбекистонда муайян форматдаги бир қатор махсус тадбирларни қамраб олган ICTWEEK Uzbekistan–2016 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳафталик мобайнида 20 сентябрь куни Халқаро Бизнес марказида ICT SUMMIT 2016 – ахборот-коммуникация технологиялари саммити,  21-23 сентябрь кунлари анъанавий ICTEXPO–2016 халқаро АКТ маҳсулотлари кўргазмаси (Тошкент шаҳрида “Ўзкўргазмасавдо” мажмуида), 21–22 сентябрь кунлари Халқаро Бизнес марказида INTERNET FORUM–2016, АКТ соҳасида фаолият юритаётган фаол ёш дастурчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «BestSoftChallenge», «Intellec2all» ҳамда Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаси мутахассислари ўртасида илк маротаба ўтказилган Cyber Security Challenge танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари, Халқаро Электралоқа Иттифоқининг семинари каби долзарб, қизиқарли тадбирлари бўлиб ўтади.

АКТ ҳафталиги юртимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг энг йирик ва кенг кўламли тадбири сифатида мамлакатимизнинг энг илғор мутахассислари, халқаро экспертлар иштирокидаги учрашувларни, соҳа ютуқ ва муаммолари муҳокама этиладиган чиқишларни, сўнгги технологиялар намойишини қамраб олади. Шу жиҳати билан унинг оддий талабадан тортиб, соҳанинг етук мутахассисигача бўлган барча иштирокчилар учун қизиқарли ва самарали кечиши кутилмоқда.

ICTWEEK Uzbekistan 2016 ташкилотчилари: Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциацияси ҳамда ICTNEWS Conferences муассасаси. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида бўлиб ўтади.

ICTWEEK Uzbekistan–2016 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги тўғрисида батафсил маълумот олиш ва тадбирларга рўйхатдан ўтиш учун ҳафталикнинг www.ictweek.uz расмий веб-сайтига ташриф буюринг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.