Ideapad 710S: илҳом, ихчамлик ва илғорлик уйғунлашган ультрабук

Ideapad 710S: илҳом, ихчамлик ва илғорлик уйғунлашган ультрабук

Намойиш этилган вақти: 2016 йил, январь

Ишлаб чиқарувчи: Lenovo компанияси

 Ideapad 710S – Lenovo ноутбук ишқибозларига тақдим этган сўнгги, Ultrabook туркумига кирувчи илғор ва кенг имкониятли гадеж. Корпуси нафис ва силлиқ, имкон қадар чекка ҳошиялардан холи дисплейга эга, енгил, корпус юпқалиги 1.3 см бўлган бу лаптоп ихчамлик борасида рақобатчилари орасида ҳозирча пешқадамлик қилмоқда.

lenovo-laptop-ideapad-710s-13-hero

13.3 дюймли экран диагоналига эга Ideapad 710S  Intel’нинг 6-авлод процессори, бугунги энг самарадор ноутбук ва компьютерларда фойдаланилаётган Core i7 процессорига эга.

Экрандаги пиксель сиғими Full HD (1920×1080) бўлган ноутбук мультимедиа маҳсулотларини мириқиб томоша қилишга мўлжалланган, ўйинбоп қурилма.

Қуйида мазкур қурилма жиҳатлари билан яқиндан танишамиз.

Lenovo ideapad 710S: Дизайн

Гаджетни фирма қутисидан илк маротаба қўлга олар экансиз, унинг шу қадар силлиқ ва енгиллигидан корпуси пластикдан ишланган бўлса керак, деб ўйлайсиз. Аввало, ихчам ўлчам ва минимал даражадаги вазн диққатни тортади. У 1080 грамм вазнга эга ва одатдаги 13.3 дюймли лаптоплардан анча енгил. Бунинг сабаби унинг корпуси кумуш ранг юмшоқ металл бўлган магний ҳамда  алюминий хомашёсидан тайёрланган. Бу эса корпуснинг кумуш мисол жилоланиши, пишиқлигига ҳам хизмат қилган.

Lenovo Ideapad 710S дисплейининг ўнг ва чап ҳошияларининг қалинлиги  5 мм, яъни ҳаддан ташқари ингичка ва натижада унинг экрани кенгдек таассурот қолдиради. Бу кўрсаткич унга қадар  Dell XPS 13’да мавжуд эди. Ингичка ҳошиялар ноутбукка янада замонавий кўриниш берган.

Қобиқ қайишқоқ туйилган билан, экранни мустаҳкам ҳимоя қилади.

Яна бир муҳим жиҳати, унинг экран жойлашган панелини вертикалига 90 даражага ётқизиш мумкин. Яъни, экран клавиатура панели сингари орқага тўлиқ ётади. Аксари ноутбукларнинг экран панели 45 даражагача ётади.

Экраннинг юқори қисмида 0.9 мегапикселли, 720p сиғимли вебкамера учун жой ажратилган.

Lenovo Ideapad 710S – классик кумушранг ҳамда тилларанг корпусли рангларда ишлаб чиқарилмоқда.

Lenovo ideapad 710S: Ташқи ва ички портлар

Ихчам ноутбукларда порт ва коннекторлар у қадар кўп бўлмайди. Мазкур ноутбук ҳам бундан мустасно эмас. Корпуснинг чап томонидан қувватлаш блоки, USB 3.0 порти, mini-jack аудио гарнитураси ва клавишни қайта созлаш тугмаси ўрин эгаллаган. Корпуснинг ўнг биқинида эса USB 3.0 (мунтазам фаол ва у орқали бошқа қурилмаларни қувватлаш мумкин), йирик SD хотира бўлмачаси ва қувват индикатори, micro HDMI – мультимедиа интерфейси мавжуд.

Бу ўринда замонавий ноутбукларники каби, унинг ҳимоя қулфининг йўқлигини ноутбукнинг жузъий камчилиги сифатида айтиш мумкин.

Симсиз уланши учун ideapad 710S’да Intel’нинг илғор Wireless-AC 8260, шунингдек Bluetooth 4.0. тармоғи жорий қилинган.

Lenovo ideapad 710S: Экран

Ideapad 710S’нинг экран панели 13.3 дюймли. Full HD сиғимли (1,920 × 1,080 пикселли) экран LG’нинг LP133WF4-SPB1 матрицасида фаолият кўрсатади. У ўзига урилувчи нурни қайтарувчи ҳимоя юзаси билан қопланган. Бу ўлчамдаги ультрабук экрани учун мазкур сиғим тасвирнинг максималь даражада ёрқин бўлишига хизмат қилади. Ҳатто қуёшли кун ёруғида ҳам экрандаги тасвир аниқ кўринади.

Экраннинг ранг узатиши ва тасвирнинг батафсил акс этиши юқори даражада.  Бу экранда ҳужжат билан ишлаш ҳам, ўйин ўйнаш ҳам қулай.

Тушунарли айтганда, бу экранни замонавий смартфон флагманининг экранига қиёслаш мумкин: тўйинган ранг-тасвир, етарли ёруғлик заҳираси, тасвирнинг бир хил акс этиши.

Кўпчиликнинг фикрича, ультрабукнинг touch screen, сенсор экран билан таъминланиши қойилмақом иш бўлган бўлар эди.

Lenovo ideapad 710S: Платформа ва самарадорлик

Lenovo Ideapad 710s Intel’нинг 2/3 ядроли Core i7-6500U (2,5 ГГц, Turbo Boost режимида 3 ГГц.гача) процессорига эга. Skylake архитектураси асосида қурилган тизим Intel HD Graphics 520 график-тасвир видеокартасига, 8 ГБ тезкор хотира, (DDR3-1840) ҳамда Samsung’нинг 256 ГБ сиғимли (NVMe MZVLV256) доимий ички хотираси билан таъминланган. Ноутбукдаги Wi-Fi модули — Intel Dual Band Wireless-AC 3165.

Ноутбук тезкор фаолиятга эга, ундан фойдаланиш ҳам қулай. Веб-қидирув, ҳужжат билан ишлаш, график-тасвир ишларида узлуксиз ишлайди.

Сотувда унинг Intel Core’нинг Skylake туркумига кирувчи  тезкор хотираси 4 ГБ ва доимий ички хотираси 128 ГБ бўлган талқини ҳам сотилмоқда.

Мазкур процессорлар ва платформа тизими аккумулятор қувватини тежашда ҳам хизмат қилади. Натижада, бир неча соат узлуксиз видео томоша қилиш мумкин. Шунингдек, платформага ўрнатилган Windows 10 тизими имкониятлари мисолида аппарат ва дастурий таъминот тизимининг илғор уйғунлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Chrome браузерида 17 та саҳифа, жумладан Slack, Google Doc ва TweetDeck каби “оғир” саҳифаларни очиб, YouTube’да видео кўрса ҳам ноутбук платформасида секинлашиш, “қотиш” кузатилмайди.

Ideapad 710S Geekbench синов платформасида ишлаш самарадорлиги бўйича ўтказилган 3 та текширувда умумий 6,180 балл олган. Ҳозирги ультрабуклар эса ўртача 5,101 балл тўплаш имконига эга.

Фойдаланувчилар тизим билан боғлиқ энг кўп эътироф этган камчилик, бу — ноутбукнинг “Уйқу режими” (sleep mode)дан уйғонмаслиги. Бир оз ишлатилмай қолиб кетган гаджет бу режимга ўтади ва уни “уйғотиш” учун лаптопни ёпиб, уни қайтадан ёқиш керак бўлади. Бу каби муаммолар одатда сервис марказлари томонидан ҳал қилиб берилади.

Lenovo ideapad 710S: Совутиш тизими

Совутиш тизими процессорнинг ўнг ва чап томонларига жойлаштирилган 2 та кўндаланг шаклдаги вентиляторлардан иборат. Муздек шамол ноутбукнинг остки қисмидан тарқалса, иссиқ ҳаво оқими дисплей орқали тарқалади. Ҳужжат билан ишлаш, видео кўриш, интернетдаги қидирув жараёнида ҳам вентиляторлар ўз ишини аъло даражада амалга оширади. Ҳатто тинч шароитда ҳам уларнинг овози эшитилмайди.

Аммо процессор юқори кучланишда ишлаганида вентиляторлар фаол ишлай бошлайди ва овози ҳам нисбатан юқори частотада эшитилади.

Lenovo ideapad 710S: Аудио-овоз узатиш тизими

Ideapad 710S юпқа кўрингани билан кучли овоз узатиш тизимига эга. Lenovo’нинг  Dolby Audio технологияси “Динамик”, “Фильм” ва “Ўйин” режимларига мувофиқ овоз узатади.

Мультимедия динамиклари JBL (2×2 Вт) компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган бўлиб, тинс шароитда максималь овоз узатиш даражасининг 50 фоизидан фойдаланиш мумкин.

Lenovo ideapad 710S: Клавиатура ва сенсор панел-тачпад

710S’нинг клавиатураси клавиш ости ёритгичига эга. Lenovo клавишларнинг ост қимига бир оз қайрилма шакл берган ва ўнг томондаги “Shift” тугмасининг ҳажмини кичрайтириб, одатий клавишлар ўлчамига келтирган. Шунингдек, йўналиш клавишлари ҳам бошқа ҳарфлар катталигида. “Ўчириб/Ёқиш” тугмаси эса одатдан ташқари ҳолда клавиатура панелининг ўнг томон юқори бурчаги, клавишлар қаторидан ўрин олган.

Фойдаланувчилар клавиатуранинг ўнг қўлда ишлаш учун бир оз торлигини айтишмоқда. Бошланишига шундай туйилса ҳам, фойдаланувчи кейинчалик ўрганиб кетади.

Ideapad 710S’нинг клавиатураси остидаги тугмасиз, 4.1 x 2.7 дюймли сенсор панели силлиқ, тезкор ва юқори сезувчанлик қобилиятига эга.

Lenovo ideapad 710S: Аккумулятор

Аккумулятор тўрт катакли бўлиб, унинг электр токи сиғими 6135 мА соат (7,5 В).

Идора ишлари шароитида унга тўлиқ қувват бир кунга (12 соатга) етади. Максималь фойдаланганда бу қувват унга 2,5 соатга етади.

Lenovo Ideapad 710S қувват манбаи масаласида рақибларидан сал орқада. Laptop Mag Battery аккумуляторларни синовдан ўтказиш имтиҳонида Ideapad тўла қуввати билан ўртача 7 соат фаолият кўрсатди. Бошқа ультрабуклар эса ўртача 7,53 соатлик натижа кўрсатган. Шунингдек, тўла қувват Aspire S 13 ноутбукига 9,08, ZenBook UX303UA’га 8,27, XPS 13’га эса 11,54 соатга етган.

Ideapad 710S комплектида 45W қувватлаш қурилмаси мавжуд.

17 Lenovo ideapad 710S: Рақиблари

Бугун унинг рақиби ҳисобланган Acer Aspire S 13 ундан $50 долларга арзон сотилаётган бўлса ҳам, бу ноутбук сифати 710S’дан қолишмайди ва аккумулятор сиғими ҳам каттароқ. Asus ZenBook UX303UA ҳам нарх-наво жиҳатдан 710S’га яқин. Аммо Lenovo Ideapad 710S’нинг муҳим устун жиҳати – унинг вазни ва ихчамлигида. Ёки Dell XPS 13 ҳам ингичка ҳошияли дисплей, 12 соатга етадиган аккумуляторга эга. Лекин, у Lenovo лаптопидан $100 доллар қиммат.

16

Lenovo ideapad 710S: Нарх-наво

Lenovo компанияси Ideapad 710S’ни 3 хил моделларда сотувга чиқармоқда: бошланғич модель (Core i5-6200U процессор, 8 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий хотира) — $799, ўртача модель (Core i7-6560U процессор, 8 ГБ тезкор ва 512 ГБ доимий ички хотира, Intel Iris 540 график-тасвир процессори) — $1,199, энг юқори модель эса (Core i7-6560U процессор, 16 ГБ тезкор ва 512 ГБ доимий ички хотира, Intel Iris 540 график-тасвир процессори) $1,399 доллардан сотилмоқда.

Ҳозирча Ideapad 710S қурилмаси Ўзбекистонда сотилмаяпти. Унга нисбатан ўхшаш имкониятли 15,6 дюймли Lenovo IdeaPAD 700 (i7-6700HQ 8 ГБ/1 ТБ GTX 950M, 3,6 Ггц, FULL HD IPS LED, USB 3.0, Wi-Fi, BLUETOOTH 4.0, веб-камера, клавиатура ости ёритгичи, JBL динамик, WINDOWS 10) ноутбуки 23 июль ҳолатида “Малика” савдо марказида 6,393,600 сўмдан сотилмоқда.

Хулоса

Lenovo Ideapad 710S ихчам, юпқа ва енгилгина, фойдаланувчига оғирлиги тушмайдиган, самарали ультрабук. Клавиатурани такомиллаштириш, аккумулятор сиғимини кенгайтириш кераклигини ҳисобга олмаса, бошқа жиҳатлари илғор ва ўзига хос. Агар сиз ўйин ўйнаш, ҳужжат билан ишлаш, интернетдан фойдаланиш учун ноутбук танлаётган бўлсангиз, Lenovo ideapad 710S’нинг бошланғич даража талқини айни сизбоп.

Lenovo ideapad 710S’нинг қисқа тавсифи:

Туркуми:  Ультрабук

Конструкция:   Классик услубда

Экран диагонали: 13,3 дюйм

Экран матрицаси: IPS

Дисплей:    Full HD (1,920×1,080) сиғим, нур қайтарувчи юза.

Ўрнатилган операцион тизим: Windows 10.

Процессор: 2/3 ядроли Intel Core i7-6560U/i5-6200U (2.3 Ггц дан 3,1 Ггц.гача (Turbo Boost),

Видеокарта: Intel HD 520

Тезкор ва доимий хотира: 8/16 ГБ тезкор хотира (2 каналли LPDDR3-1600), 128/512 ГБ доимий хотира,

Ташқи портлар: 2 та USB 3.0, 1 та microHDMI, 1 та аудио коннектор.

Веб-камера: 1 МП, 720p сиғим.

Клавиатура ости ёритгичи: мавжуд.

Wi-Fi:   802.11 a/b/g/n/ac

Bluetooth:         4.0

Вазни, кг:              1,1

Ўлчамлари, мм:            307 x 214 x 13.9

Корпус материали: алюминий

Аккумулятор сиғими: 6135 мА соат

Бошланғич нархи: $749.99

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

http://shop.lenovo.com/ $749 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!