IFA-2016: Panasonic дунёдаги илк шаффоф телевизорни намойиш этди (Видео)

IFA-2016: Panasonic дунёдаги илк шаффоф телевизорни намойиш этди (Видео)

Айни пайтда Берлинда бўлиб ўтаётган IFA-2016 кўргазмасида Япониянинг Panasonic компанияси дунёдаги илк шаффоф телевизорни намойиш этди. Full HD аниқлигидаги ушбу шаффоф телевизорни исталган жойга ўрнатиш мумкин. Яна бир вариант: телевизорни шкаф эшигининг ўрнида ишлатса бўлади.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Телевизордан уйингиз ошхонасида ҳам самарали фойдаланишингиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Мисол учун, телевизор интернетдан турли таом рецепларини қидиради ҳамда сиз танлаган рецептни индукцион плита ўрнатилган ақлли столга юклайди. Шу заҳоти столга уланган совутгич таомни тайёрлаш учун ўзида мавжуд масаллиқлар тўғрисида маълумот беради. Агар бирор масаллиқ етмаса, уни харид қилишни тавсия қилади. Плитадаги сенсор идишнинг жойлашишини текширади ва таомни тайёрлаш жараёнини кузатади. Ниҳоят ақлли стол сузиб бўлинган тайёр таомнинг совиб қолмаслиги таъминлайди.

Ақл бовар қилмайди. Аммо Panasonic бундай технологиялар ҳар битта хонадонда 3-5 йил орасида пайдо бўлишига барчани ишонтирмоқда. Ахир, компания уларнинг прототипларини кўргазмада барчанинг эътиборига тақдим этди.