Ижтимоий тармоқда сиз йўл қўядиган 5 хато

Ижтимоий тармоқда сиз йўл қўядиган 5 хато

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар сизга ҳаётда муваффақият қозонишда ёрдам берадиган муҳим воситага айланиши мумкин. Агарда улардан тўғри фойдалансангиз, албатта. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлишнинг ўзи етарли эмас, боиси шовқин солган билан диққатни қозониш эмас, нафратни қўзғаш мумкин.

Шу сабабли, қуйидаги маслаҳатларга амал қилиш фойдадан холи эмас .

1. Сурат танлаш.
Агарда сиз ишда муваффақият, дўстлар орасида ҳурмат қозониш, шахс сифатида қараш ҳамда фикрларингизни оммага етказиш истагида бўлсангиз, буни мессенжер ёки ижтимоий тармоқдаги профил суратингиздан бошлаганингиз маъқул.
Сурат танлашда ниҳоятда эътиборли бўлинг. Суратда сизнинг нафақат ташқи, балки ички қиёфангизнинг акс этиши, самимий инсон эканингиз ифодаланган бўлиши керак. Ярим-яланғоч ёки сув ҳавзаларида олинган суратларни ижтимоий тармоққа умуман жойлаштирмаган маъқул. Боиси, бундай суратлар орқали сиз ўзингизга нисбатан салбий муносабат орттириб оласиз. Бошқаларнинг ҳам сизни суратларингизни жойлаштиришига эътиборли бўлинг.

2. Фикр-мулоҳазаларда ҳаддан зиёд ҳештегдан фойдаланиш.
Сўнгги вақтларда кўпроқ аудиторияни эгаллаш мақсадида ҳештеглардан фойдаланиш урфга кирди. Бироқ, ишонинг, бу -- фойдасиз. Аксинча, бўлар-бўлмас ҳештеглар сизнинг такаббур ёки худбин эканингиздан дарак беради. Яхши фикр ва пост албатта ўқувчиларнинг диққатини тортади.

3. Тилга эҳтиёт бўлинг.

"Алпомиш" достонида тил зиндонга, хат дорга олиб боради, деган нақл бор.

Унутманг, ижтимоий тармоқлар, мисол учун, Facebook платформаси оғизга келган сўзни айтиш мумкин бўлган чуқур қудуқ эмас. Бугун ҳар бир "электрон қадам" учун жавоб беришга тўғри келади. Айниқса, тармоқларда дин, сиёсат, миллатчиликка оид кескин фикрларни билдиришдан тийилинг. Акс ҳолда, айтган ҳар бир хато фикрингиз учун қонун олдида жавоб берасиз.

4. Имло хатоларига тўла пост қолдириш.
Тилга ихтиёрсиз -- элга эътиборсизлик бўлиши билан бирга, тилни бузиб сўзлашиш, сўзларни хато ёзиш -- ўз-ўзини ҳурмат қилмасликнинг белгиси ҳам. Саводсиз одамни эса ҳеч ким тан олмайди. Шу боис, ҳар бир фикрни жуда бўлмаса бирор яқинроқ дўстингизга ўқитиб олинг. Жуда бўлмаса, хатолар учун узр сўраб қўйинг.

5. Дардингизни достон қилманг.
Ижтимоий тармоқларда дўстдан кўра, душман кўп. Ҳадеб муаммоларни эълон қилиш сизга нисбатан ҳурматсизликни авж олдиради. Яхшиси, бошқаларнинг дарди билан яшанг. Мисол учун, ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқинг ва одамларга ёрдам бериш учун жамоатчилик назоратини кучайтиринг.
Шунингдек, оиладаги ва ишхонадаги муаммоларни, вазиятларни тармоқларда эълон қилишдан тийилинг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.