Икки экранли Meizu Pro 7 тизери ва у олган илк суратлар эълон қилинди

Икки экранли Meizu Pro 7 тизери ва у олган илк суратлар эълон қилинди

Хитойнинг номи чиққан смартфонсозларидан бири бўлган Meizu компанияси ўзининг навбатдаги -- Meizu Pro 7 флагманини тақдимотга тайёрламоқда. Маълумотларга кўра, мобил алоқа воситаси 26 июлда намойиш қилинади. Гаджетдаги муҳим ўзига хослик -- орқа панелдаги қўшимча кичик дисплейдир.

21 июлда ишлаб чиқарувчи томонидан смартфоннинг график тизерини, яъни тақдимот олди жамоатчилик ўртасида қизиқиш уйғотувчи реклама баннери эълон қилинди.

Кутилганидек, Meizu Pro 7'нинг қўшимча митти экрани ушбу реклама баннери диққат-марказида бўлди. Суратга кўра, корпуснинг орқа панелидаги бу экран рангли бўлади. Бу дисплей боис энди бош камера ҳам селфи мухлислари хизматида бўлади. Шунингдек, унда ўйин ўйнаш ва бошқа амалларни бажариш ҳам мумкин.

Смартфоннинг бошланғич талқин платформасида 10 ядроли MediaTek Helio X30 процессори, Plus моделида эса Samsung Exynos 8895 чипи ўрнатилади. Смартфонда 4/6/8 гигабайтгача бўлган тезкор хотира ўрнатилади. 

Шунингдек, 3000 мА соат ёки 3500 мА соат "қувват тоши"дан куч оладиган смартфонда жаҳоннинг энг илғор қувват олиш технологияси -- mCharge татбиқ қилинади.

Meizu Pro 7 Plus 5,2-дюймли, Super AMOLED дисплейли ва 4K Ultra HD (3840 x 2160 пикселли) сиғимли экранга эга бўлади. Шунингдек, бу илғор экранда "always on", яъни сана ва бошқа маълумотларни кўрсатувчи мунтазам фаол қисм жорий қилинади.

Оддий Meizu Pro 7 эса 5,2 дюймли, Full HD (1920 х 1080 пикселли) сиғимли экран билан таъминланади.

Meizu Pro 7 смартфони талқинидан келиб чиқиб 486 доллардан 560 долларгача, Meizu Pro 7 Plus — 500 доллардан 550 долларгача сотилади.

Флагманнинг иккинчи ўзига хос жиҳати сифатида Sony IMX386 ва IMX286 сенсорлари базасида ишлайдиган 12 мегапикселли камералари айтилмоқда. Олд камера ҳам ёмон эмас — 16-мегапикселли.

Meizu 20 июлда янги смартфонида олинган бир нечта суратларни эълон қилди. Ҳозирча смартфон камераси борасида батафсил жиҳатлар маълум эмас. Бироқ, бош камера ёнидаги қўшимча дисплей ишлаб чиқаруви томонидан қойилмақом ечим бўлган ва ёрқин селфилар олиш учун айни муддао.

Meizu Pro 7'да олинган илк суратларга баҳо беринг.



Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!