Иккита экран нимаси!? LG учта сенсор экранли буклама смартфон патентлади!

  •   DiMaX
  •  294
  •  09.02.2018 14:49

Иккита экран нимаси!? LG учта сенсор экранли буклама смартфон патентлади!

Смартфонсозликда янги технологиялардан ташқари, маҳсулотларнинг ташқи кўринишида оригиналликка интилиш тенденцияси ҳам сезилмоқда. Жумладан, етакчи компаниялар турли форм-факторларга эга телефонлар яратиш устида иш олиб боришмоқда ва бу борада айрим натижаларга эришилган ҳам.

ЎҚИНГ: Биринчи буклама смартфон – ZTE Axon M тақдим этилди! (+видео)

Буклама смартфонларда асосан қурилма «ёйилганида» битта яхлит экран сифатида бирлашувчи иккита диспей қўллаш тажрибаси кузатилмоқда. LG Electronics компанияси эса янада ўзиб кетди – у нақ учта сенсор дисплейга эга телефон учун патент олгани маълум бўлди.

 Жанубий кореялик ушбу компания мазкур қурилма бўйича аризани Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO)га 2014 йилнинг декабрь ойидаёқ топширган экан. Унинг аризаси ўтган йилнинг ноябрида қондирилган, кенг жамоатчиликка эса бу патент энди маълум қилинди.

ЎҚИНГ: Samsung антиқа смартфон патентлади – иккита сенсор экранли слайдер!

Патент ҳужжатларига кўра, LG худди брошюра ёки буклет каби йиғиладиган учта экранли смартфон тайёрламоқда. Унинг ўртадаги дисплейи ҳам, иккита ён экранларидан исталган бири ҳам асосийси сифатида ишлатилиши мумкин. Чизмаларда моддий «Уйга» тугмачаси турли жойларда тасвирланган.

Гаджетни шунчаки «ёйиб», унинг панелларидаги дисплейларни битта улкан экран сифатида бирлаштириш мумкин. Шунингдек, иккита қисмини биттасининг орқасига буклаб, фақат битта дисплейдан фойдаланса ҳам бўлади.

Айтиш керакки, бу ҳали шунчаки патент, LG Electronics уни қачондир ишлаб чиқариши ёки умуман ишлаб чиқармаслиги ҳам мумкин. Аммо кўпчилик етакчи смартфонсозлар шу каби форм-факторли қурилмалар устида ишлаётганига қараганда, LG ҳам улардан қолишмаслиги эҳтимоли юқори.

ЎҚИНГ: Apple «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчияпти

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.