Иккита экранли, битта қувватда 30 кунгача ишлай оладиган «ақлли» соат яратилди!

  •   DiMaX
  •  1542
  •  26.05.2018 10:42

Иккита экранли, битта қувватда 30 кунгача ишлай оладиган «ақлли» соат яратилди!

Кейинги йилларда тақилувчи «ақлли» гаджетларни турли инновацияларга бой тарзда ишлаб чиқаришга зўр берилмоқда. Ушбу йўналишда энг илғор компаниялар орасида ўзаро пойга кетаётгани ҳам бор гап.

ЎҚИНГ: Тақилувчи қурилмалар бозорида етакчи ким?

Аммо унча таниқли бўлмаган Mobvoi компанияси бу борада рақобатчиларининг хаёлига ҳам келмаган юриш қилди. Ахир, унинг янги – Mobvoi TicWatch Pro смарт-соати бирданига иккита экранга эга! Бундан ташқари, аккумуляторини битта тўлдиргандан сўнг мазкур гаджет бир ойгача қувватлашсиз ишлай олишини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Гап шундаки, Mobvoi TicWatch Pro’нинг асосий – OLED технологиясида ишланган рангли экрани устига яна битта дисплей ўрнатилган. Бу иккинчи дисплей монохром – оқ-қора бўлишдан ташқари, шаффоф ҳам бўлиб, асосий экрандаги маълумотни ўқишга асло халақит бермайди.

ЎҚИНГ: Энг қиммат Apple Watch ҳам уддалай олмаган ишга қодир Haier Asu смарт-соати тақдим этилди

Mobvoi TicWatch Pro смарт-соати Wear OS операцион тизими бошқаруви остида ишлайди, унинг барча иловалари асосий экранда акс эттирилади. Агарда эгасига бу тизимнинг қўшимча – «ақлли» функциялари керак бўлмаса, у ҳолда монохром дисплейнинг ўзинигина фаоллаштириб қўйиши мумкин. Унда сана, вақт, юрак уришлари частотаси ва ҳоказо маълумотлар кўрсатилади.

Гибрид – автоматик режимда эса соат мустақил тарзда ҳар иккала дисплейдаги контентни акс эттиради. Mobvoi TicWatch Pro аккумуляторининг қуввати бу режимда икки кунга етади. Фақат оқ-қора экраннигина фаоллаштирувчи Essential Mode режимида эса бир ойгача соатни қувватлаш талаб этилмайди.

Mobvoi TicWatch Pro жорий йилнинг ёзида савдога чиқарилиш айтилмоқда, унинг нархи 300 доллардан ошмайди, деяпти ишлаб чиқарувчи. Шунингдек, бу смарт-соатнинг хусусиятларини ҳам у кейинроқ батафсил ошкор этмоқчи.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!