Илғор LG V30 тақдим қилинди: Note 8'дан 500 доллар арзон

Илғор LG V30 тақдим қилинди: Note 8'дан 500 доллар арзон

Берлинда ўтаётган IFA 2017 конференцияси доирасида LG компанияси янги --   V туркумига кирувчи навбатдаги флагман смартфонини тақдим қилди. 2015 йилдан бошлаб чиқарилаётган мазкур туркум экран остидаги қўшимча дисплей билан ўзига хос эди. Бироқ, янги модел бу жиҳатдан маҳрум бўлган. Натижада, флагмани экранининг диагонали янада кенгайган.    

LG'нинг мазкур флагмани смартфон бозорида Samsung Galaxy Note 8 ва iPhone 8 смартфонлари билан рақобатга киришади. Девайс Android 7.1.2 Nougat тизимида ишлайди.

Дизайн: "қайларда кўрганман сени?"

Флагман кўринишидан бугунги илғор мобил телефонларни эслатади: экран атрофидаги юпқа ром, операцион тизимни бошқариш учун виртуал тугмалар, қайрилма экран... Экран атрофидаги ромлар юпқалашган, хусусан юқори ва қуйи қисмдаги ҳошиялар ингичкаликда Galaxy S8 ёкт Note 8'ни ҳам уялтиради.

LG V30 корпуси Gorilla Glass 5 шишаси ҳамда металл рамка уйғунлигида ишланган. Девайс орқа панелида бармоқ излари сканери жойлашган. Унинг корпуси IP 68 гувоҳномасига эга ҳамда чанг ва сувдан "қўрқмайди".

Янги гаджет корпусининг қалинлиги 7,3 мм, вазни — 158 грамм. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича,  бу флагман 6 дюймли смартфонлар орасида энг енгили экан.

Экран: FullVision ўзини оқлайди

LG V30 смартфони 6 дюймли, OLED матрицали ва QuadHD (2880 x 1440 пикселли) дисплей билан таъминланган. Бу гал ҳам кореялик томонлар нисбати 18: 9 бўлган FullVision экранни жорий қилган.  Олд панел қуйисидаги бренд логотипи йўқ. Экран кенгайтирилган динамик диапазонни ва Google Daydream реал воқелик технологиясини қўллаб-қувватлаши билан ўзига хос.

LG V30 дисплейида ҳам Always On (AOD), яъни огоҳлантиришлар учун мунтазам фаол қисм татбиқ қилинган. Унда мусиқа. илова, огоҳлантиришларни кўрсатиши, шунингдек унинг орқали тез-тез фойдаланиладиган илова ва функцияларга ўтиш мумкин.

Таққосланг: Samsung Galaxy Note 8 диагонали 6,3 дюймли Infinity Display дизайнидаги, Galaxy S8 каби 18.5:9 ҳажмли, Super AMOLED матрицали  Quad HD+ (2960 x 1440 белги) пиксел сиғимли экранга эга бўлган.

Платформа: чиндан илғор

Флагман сотувга 2 талқинда чиқарилади — V30 ва V30+. Ҳар иккала талқин Qualcomm Snapdragon 835 процессори, 4 ГБ "оператив" хотирага эга бўлади. Улардаги фарқ доимий хотира сиғимида: 64 ГБ ва 128 ГБ. Смартфоларда, шунингдек microSD бўлиб, унга 2 терабайтгача ҳажмли флешка ўрнатиш мумкин.

Камера: "ўткир кўз"

Флагманларга хос талабдан келиб чиқиб, LG V30 бош камераси қўш модулга эга бўлган: 16 Мп ва 13 Мп. Уларга энг яхши -- f/1.6 ва f/1.9 ҳажмидаги ёруғлик линзалари ўрнатилган. Айтиш керакки, бу смартфон камерасида f/1.6 ҳажмли диафрагма ўрнатилган илк флагман. Бу линза камерага кўпроқ ёруғлик ўтказиш имконини беради.

Пластик линзалардан фарқли равишда, LG V30'даги Crystal Clear Glass Lens шиша объективлари рангни тўғри муҳрлаш ва тасвирни аниқ-тиниқ суратга олиши билан камеранинг техникасини янада кучайтиради. Олд камера соддагина — 5 Мп.

V30'даги кенг бурчакли объективи Samsung Galaxy S8'га қараганда кўпроқ майдонни қамраб олади. Юқоридаги суратларнинг биринчиси LG V30'да, иккинчиси Galaxy S8'да олинган.

Бошқа жиҳатлари

V30'да ўрнатилган 32 битли Hi-Fi Quad DAC овоз конвертери, блокировкадан чиқариш учун овозни ва олд камерадаги қиёфани танийдиган функция унга кучли мобил телефонлар билан рақобат қилиш имконини беради.

LG V30 аккумулятори 3300 мА соат ток сиғимини жам қилади. Батареяни симсиз қувватлаш мумкин. Смартфонда Bluetooth 5 стандарти жорий қилинган.

LG V30 Жанубий Кореяда 21 сентябрдан 699 доллар (64 ГБ) баҳосида сотувга чиқарилади. Эслатиб ўтамиз, унинг рақиби бўлган Galaxy Note 8 сентябр ойи ўрталарида жаҳон бозорига 1,185 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Мавзу:

#LG

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.