Илғор ва ҳамёнбоп Xiaomi Redmi Note 4X бугун сотувга чиқди

Илғор ва ҳамёнбоп Xiaomi Redmi Note 4X бугун сотувга чиқди

Xiaomi компанияси 14 февралдан бошлаб ўзининг янги моделдаги смартфонини сотувга чиқарди. Xiaomi Redmi Note 4X деб ном олган смартфон технология бозорида қайси нархда чиқарилиши 13 февралдаёқ эълон қилинган эди.

Xiaomi Redmi Note 4X – чўнтак кўтарадиган нархдаги янги илғор смартфон бўлиб, ундаги сифатли тасвирга олувчи камера ҳамда кенг қувват сиғимига эга аккумулятор кўпчилик харидорлар учун айни муддао. Унинг қолган жиҳатлари ўрта нархли смартфонларникига қараганда юқори.

Жумладан, Xiaomi Redmi Note 4X гаджети замонавий 8 ядроли Snapdragon 625 процессори билан таъминланган. Унда Cortex-A72 ядросидан фойдаланилгани процессорнинг самарадорлигини янада оширади. Гаджетнинг тезкор хотираси сиғими 3 гигабайт. Шунингдек, смартфонда 32 ГБ сиғимли доимий ички хотира мавжуд.


“Ақлли телефон” 5,5 дюймли экраннинг тасвир сиғими Full HD, яъни 1920×1080 пикселга тенг. Xiaomi Redmi Note 4X’да бош камера 13 Мп, олд камера 5 Мп сиғимли.

Xiaomi Redmi Note 4X аккумуляторининг электр токи сиғими 4100 мА соат. Смартфонда SIM-карта қўйишга мўлжалланган икки бўлмача мавжуд.

Xiaomi Redmi Note 4X жилосиз қора, тилла ранг, олча ранг ҳамда кул ранг талқинларда тақдим этилмоқда.
Xiaomi Redmi Note 4X икки версияда ишлаб чиқарилмоқда. Унинг стандарт талқини 144 АҚШ долларидан сотувга чиқарилди. Шунингдек, девайснинг иккинчи, Хитойда Redmi Note 4X Hatsune Miku limited Edition дея ном олган чекланган миқдордаги талқини 189 АҚШ долларидан сотилади. Ялпиз рангли ушбу талқин махсус совғабоп қадоқда, анимацион фильм қаҳрамонларидан бирининг суратлари билан безалган ҳолда, қўшимча аккумулятор ва чехол билан бирга тақдим қилинади.

Инсайдерларнинг хабар тарқатишларича, кейинчалик Redmi Note 4X’нинг 4 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий ички хотирага эга версияси ҳам ишлаб чиқарилади ва 189 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.