Илк бора битта чоракда миллиондан ошиқ VR-шлем сотилди

  •   DiMaX
  •  943
  •  28.11.2017 15:54

Илк бора битта чоракда миллиондан ошиқ VR-шлем сотилди

Янги технологияларнинг ҳаётимизга тобора жадал кириб келаётганлигини турли гаджетларнинг савдо ҳажмидан ҳам кўрсак бўлади. Жумладан, виртуал реаллик шлемларининг савдоси бунга яққол мисол бўла олади, деб ёзади Canalys сайти.

Хабарга кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида илк бора жами бир миллион донадан ортиқ виртуал реаллик шлемлари сотилган.

ЎҚИНГ: Huawei ўз виртуал реаллик шлемини намойиш қилди

Виртуал реаллик шлемини сотиш бўйича 490000 донадан зиёд PlayStation VR (PS VR) қурилмаси билан Sony етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринни Oculus эгаллаган – у нархини 399 АҚШ долларигача пасайтирган ҳолда 210000 тадан ошиқ Rift шлемларини сотган. Кучли учликни 160000 донадан ортиқ Vive VR девайсларини етказиб берган HTC якунламоқда. Мана шу учта ишлаб чиқарувчи биргаликда VR-шлемлар бозорининг 86 фоизини эгаллашган.

«Фойдаланувчилар томонидан виртуал реаллик шлемларининг харид қилиниши кўп жиҳатдан нарх масаласига боғлиқ, шу боис ҳам Oculus’нинг нархни пасайтириш стратегияси савдо ҳажмининг ўсишига яхши ёрдам берган», – дейди Canalys Research таҳлилчиси.

Sony эса асосан маҳаллий бозорни забт этиш эвазига бунақа натижага эришган – компания Японияда VR бозорининг 80 фоизини эгаллаган. Компания янги ўйинлар эвазига мазкур йўналишда тобора илдамлаб кетмоқда.

ЎҚИНГ: Sony виртуал реаллик гарнитуралари бозорида етакчилик қилмоқда

2018 йили шу каби қурилмалар бозорининг янада ўсиши кутилаётир. Зеро, Windows Mixed Reality платформали кўплаб компьютер ишлаб чиқарувчиларнинг мазкур йўналишга қизиқишлари катта.

Эслатиб ўтамиз, аввалги хабар ва мақолаларимизда виртуал борлиқ (виртуал реалликVR),тўлдирилган реаллик, панорамали 360-видео кабилар ҳақида маълумотлар берганмиз. Буларга қизиқувчилар энди шуларга ўхшаш – аралаш реаллик имкониятларини Windows 10 тизимидаёқ синаб кўришлари мумкин.