Илк партияда қанча iPhone X сотувга чиқарилиши айтилди

Илк партияда қанча iPhone X сотувга чиқарилиши айтилди

Таниқли "айфоншунос" Мин-Чи Коу Apple'нинг iPhone X ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар хусусида тўхталиб, компания савдонинг илк партиясида жаҳон миқёсида 2-3 млн дона iPhone X'ни сотувга чиқаришини айтди. Бу тўғрида MacRumors хабар тарқатмоқда.

Куонинг маълум қилишича, iPhone X ишлаб чиқариш 2017 йилнинг ноябр ойига келибгина барқарорлашади. Ҳозирча эса у ёки бу таркибий қисмни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Таҳлилчининг сўзларига кўра, дисплей билан бирга, iPhone X антеннаси учун юпқа босма платасини етказиб беришда ҳам қийинчиликлар юзага келмоқда. Боиси, бу турдаги антенна учун махсус материал, ускуна ва уларнинг ҳар бирини синовдан ўтказишга вақт керак бўлади.

iPhone X антеннаси iPhone 8'никига қараганда анча кучли ва бор-йўғи 2 та етказиб берувчигина компанияни бундай турдаги қурилма билан таъминлай олади. Улардан энг йириги Япониянинг Murata компанияси бўлиб, айни пайтда бу компанияда ўзининг шахсий муаммолари юзага келгани туфайли буюртмани тўлиқ етказиб беришда тўсиқларга дуч келмоқда.

Янги айфон савдосини орқага тортиб турган таркибий қисмлардан яна бири бош камера объективидир. Қўш сенсорли смартфон чиқараётган бошқа компанияларнинг камера модулларидан фарқли равишда, iPhone X бош камерасида алоҳида плата ўрнатилмоқда. Бу плата кенг бурчакли суратга олувчи объектив ҳамда телеобъектив учун масъул. Бу қурилмани Interflex компанияси етказиб бераётан эди. Бироқ бу компания ҳам Apple эҳтиёжини қондира олмаяпти.

Қиёфани танийдиган TrueDepth камерасини ишлаб чиқариш ҳам навбатдаги муаммолардан бири. Боиси, технология оламида янгилик бўлган бу технологияни ишлаб чиқариш осон эмас.

Мин-Чи Коунинг айтишича, 2017 йилнинг 4-чорагида Apple 25-30 млн дона iPhone X сотади. Илк партияда 2-3 млн дона iPhone X сотувга чиқса, 2018 йилнинг илк чорагида янги айфон етказиб бериш суръати кескин кўтарилади.

Ноябрдан бошлаб сотиладиган iPhone X'нинг энг арзони 1000 АҚШ долларидан сотилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.