Илк партияси атиги 37 сонияда сотиб тугатилган смартфон!

  •   DiMaX
  •  2081
  •  30.04.2018 17:43

Илк партияси атиги 37 сонияда сотиб тугатилган смартфон!

Мобил ўйинлар ишқибозларига мўлжаллаб ишлаб чиқилган Nubia Red Magic смартфони яқинда тақдим этилган эди. Mydrivers нашрининг ёзишича, унинг биринчи партияси атиги 37 сониядаёқ сотиб тугатилган.

Шунингдек, Nubia Z17S ҳамда Z18 Mini ҳам катта талаб билан сотилган – бу моделларнинг навбатдаги партияси бир неча дақиқада сотилган.

ЎҚИНГ: Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?

Хабарга кўра, Nubia Red Magic геймерофонининг биринчи партияси 10 000 донадан иборат бўлган. Унинг иккинчи партияси эртага – 1 май санасида савдога чиқарилади. Унинг ҳажми айтилмаётир, афтидан, бу партияда ҳам 10 000 дона смартфон сотилса керак. Шунингдек, иккинчи партия ҳам саноқли сонияларда сотиб тугатилишини тахмин қилиш қийин эмас.

Айтиш керакки, ZTE корпорациясининг суббрендига тегишли Nubia Red Magic смартфони диагоналига 6 дюймлик, Full HD+ форматли дисплей билан таъминланган. Унга 24 ва 8 мегапикселли камералар, USB-C порти ҳамда 3800 мА/соат ток сиғимига эга аккумулятор ўрнатилган. Смартфоннинг «электрон юраги» – ўтган йилги флагман Qualcomm Snapdragon 835 процессори. Ушбу «Қизил Жоду» смартфонининг 6 гигабайтлик тезкор ва 64 гигабайтлик доимий хотирага эга бошланғич талқини нархи тахминан 400 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган. Бу геймерофоннинг тезкор хотираси 8, ички хотираси эса 128 гигабайтлик талқини эса тахминан 475 доллар қийматида сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур смартфоннинг асосий рақиби – «Қора Акула» геймерофонини не-не умидлар билан харид қилган ишқибозлар жиддий муаммога дуч келишган. Ишқилиб, «Қизил Жоду» ҳам шундай бўлиб чиқмасин-да энди...

ЎҚИНГ: Энг зўр Xiaomi смартфонида оммавий нуқсонлар чиқа бошлади

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.