Элон Маск: «Жангчи-роботларни тақиқлайлик!»

  •   DiMaX
  •  1357
  •  22.08.2017 13:30

Элон Маск: «Жангчи-роботларни тақиқлайлик!»

Ҳарбий роботлар ишлаб чиқаришга ҳозирча ҳеч ким жиддий киришгани йўқ, аммо келажакда уларнинг яратилиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис ҳам кўплаб компанияларнинг вакиллари қотил роботлар яратишни тақиқлашга чақириб очиқ хат ёздилар. Бу тўғрида Guardian нашри хабар берган.

Жумладан, DeepMind лабораториясининг ва бошқа кўплаб муассасаларнинг раҳбари бўлган Элон Маск ҳам мазкур мурожаатномага имзо чекди. Очиқ хат юздан ортиқ имзо тўплагач, уни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига йўллашди.

БМТ шундоқ ҳам автоном жанговар дронларнинг ҳамда ўта мустақил ва ақлли қурилмаларнинг тарқалиши масаласини ўрганишга киришган эди. Аммо IT-компаниялар вакиллари муҳокама бошланишини ҳам кутиб ўтирмасдан, олдиндан мурожаатнома юборишди.

Ўзи юрар танклар ва сунъий онг билан жиҳозланган бошқа кўринишдаги қурол-аслаҳалар келажакда нафақат инсоният, балки умуман сайёра учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис ҳам очиқ мактуб муаллифлари навбатдаги ҳарбий тўнтаришлар ҳамда қуролланиш пойгалари бошланишдан хавфсирашмоқда. Чунки «ақлли» қуроллар бўйича пойгалашиш оқибатида Ер сайёрасида ажал уруғини сочувчи янги қурилмалар пайдо бўлиши шубҳасиздир.

 БМТга йўлланган очиқ хат моҳияти шундан иборатки, унда айрим турлардаги қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда чеклаш ҳақидаги Конвенцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклиги таъкидланган. Ундаги тақиқланган қуроллар рўйхатига жанговар роботлар ҳамда бошқа турдаги мустақил ишлай олувчи қуролларни ҳам киритиш лозим. Зеро, Конвенция қабул қилинган 1983 йилдан бери кўплаб янги қуроллар яратилган ва ишлаб чиқарилмоқда ҳам. Масалан, энг замонавий қурол-аслаҳалар нимага қодирлигини мана бу мақоламиздан ўқиб олишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!