Имконияти чекланган ёш дастурчиларимиз олтин медал билан қайтишди

Имконияти чекланган ёш дастурчиларимиз олтин медал билан қайтишди

Ўзбекистон жамоасининг аъзолари 2017 йилнинг 16-17 август кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилган саралаш босқичидан сўнг танлаб олинган эди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши, “LG Electronics” компанияси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидан иборат ташкилотчилар 18 нафар иштирокчилар орасида 4 нафарини танлаб олишди. Финал босқичига Темур Ходжаев, Абдулазиз Салимов, Мирали Ғиёсов ва Мавлуда Қўчқоралиевалар йўл олишди.

Бевосита Ханой шаҳрига йўл олгунча, юқоридаги финалчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессор ёрдамчиси Жаҳонгир Раимбеков раҳбарлигида визуал дастурлаш бўлган “Scratch” бўйича бепул курс ўтишди ва ўз маҳоратларини янада ошириб олишди.

Танлов якунларига кўра, Сеулдаги Корея олий университетининг компьютер муҳандислиги департаменти вакиллари ҳамда “LG Electronics” компанияси IT-экспертларидан иборат ҳакамлар Ўзбекистон жамоасини “eCreative challenge” мусобақасида ғолиб деб топиб, “Excellence award” мукофоти билан тақдирлади. Ҳакамлар ўзбекистонлик ёшларнинг замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда муаммоларни ҳал этиш ва ижодий фикрлаш салоҳиятини юқори баҳолашди.

2017 йилда мусобақанинг бир қанча йўналишларида Осиё минтақасининг 16 давлатидан, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан келган мактаб ўқувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!