Инновация тушунчаси ҳақида

Инновация тушунчаси ҳақида

Инновация – бу бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгиликдир. Инсон интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаси ҳисобланади.

Янги истеъмолчилик хусусиятлари ёки ишлаб чиқариш тизимларининг самарадорлигини сифатли ошириш орқали бозорга маҳсулот (товарлар ва хизматлар)ни етказиб бериш – инновацияга мисол бўла олади.

Инновация – фойдаланиш учун киритилган янги ёки сезиларли даражада яхшиланган маҳсулот (товар, хизмат) ёки жараён, сотувларнинг янгича услуби ёки иш амалиётидаги, иш ўринларини ташкил этишдаги ва ташқи алоқаларни ўрнатишдаги янги ташкилий услуб ҳисобланади.

“Инновация” атамаси лотинча novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” (ёки “ўзгариш”), in” қўшимчаси эса лотинчадан “йўналишида” деб таржима қилинади, агар буни яхлит Innovatio” кўринишида таржима қилсак – “ўзгаришлар йўналишида” деб изоҳланади. Innovation тушунчаси биринчи бўлиб XIX-асрнинг илмий тадқиқотларида пайдо бўлди.

“Инновация” тушунчаси ўзининг янги ҳаётини “инновацион комбинациялар”ни таҳлил қилиш, иқтисодий тизимларнинг ривожланишидаги ўзгаришлар натижасида ХХ-асрнинг бошида австриялик ва америкалик иқтисодчи Й. Шумпетернинг илмий ишларида бошлаган. Шумпетер 1900-йилларда иқтисодда ушбу терминни илмий қўллашга киритган дастлабки олимлардан эди.

Инновацияга ҳар қандай турдаги янгилик сифатида эмас, балки мавжуд тизимнинг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил сифатида қарашимиз лозим. Кенг тарқалган янглиш фикрлашларга қарамасдан инновациялар кашфиётлардан фарқ қилади

Инновацияларнинг илмий кашфиётлар ва ихтиролардан фарқи

| Илм-фан – бу маълум маблағларни билимлар ва ғояларга айлантириш.
| Инновациялар – бу билимлар ва ғояларни маблағларга айлантиришдир.

|Ихтиро – бу янги концепцияни яратиш демак.
|Инновация 
– бу ихтиронинг амалий аҳамиятини ажратиб кўрсатиш ва уни муваффақиятли сотиладиган маҳсулотга айлантириш.

Инновациянинг 10 та амри

  1. Мақсадингизни ифодаланг.
  2. Жамоангизни илҳомлантиринг.
  3. Диққатингизни харидорга қаратинг.
  4. Ҳар кимга ўхшаманг.
  5. Ҳамма нарсани шубҳа ғалвиридан ўтказиб кўринг.
  6. Синергия* яратинг.
  7. Жараённи яратинг.
  8. Ҳар қандай хатарни олдиндан кўра билинг.
  9. Ўзгаришларнинг етакчисига айланинг.
  10. Ташаббускор бўлинг.

Синергия бу фойдали ўзаро ҳамкорлик, унинг самараси ҳар бир инсон якка ҳолда қилган ҳаракатлари йиғиндисини олиб қараганимизда янада кўпроқ ҳисобланади. “Синергия” сўзи грек тилидан таржима қилинганида айнан “ҳамкорлик, ўзаро муносабат” маъноларини билдиради.

 

Биз билан Telegram тармоғида ҳам бирга бўлинг: @itspecuz

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

IT-spec

Ахборот технологияларини малакали ўзлаштириш ва фойдаланиш бўйича ўзбек тилидаги мақолалар, қадамма-қадам кўрсатмалар ва таржималарни бериб борувчи бир гуруҳ мутахассислар.