Инқилобий буклама смартфон – Galaxy X тақдимоти ва савдога чиқарилиш вақти айтилди

Инқилобий буклама смартфон – Galaxy X тақдимоти ва савдога чиқарилиш вақти айтилди

Эътибор берган бўлсангиз керак – смартфонсозликда ромсизлик, қўш камералиликдан ташқари, қурилмаларнинг ўзгача форм-факторга эга бўлиши ҳам трендга айланиб бормоқда. Одатийларидан ўзгача шаклга эга смартфон яратиш учун кўпгина ишлаб чиқарувчилар изланиш олиб бормоқдалар.

ЎҚИНГ: Биринчи буклама смартфон – ZTE Axon M тақдим этилди! (+видео)

Тўғри, икки экранли буклама смартфонлар аллақачон яратилди, аммо бу борада навбатдаги қадам – экранининг ўзи ҳам букиладиган қурилмалар яратишдир. Шунақа инқилобий смартфонлардан бири Samsung Galaxy X бўлади, деб ёзади Phonearena нашри.

Ҳали уч ой аввал – 2017 йилнинг сентябрида Samsung раҳбари компаниянинг инқилобий буклама смартфони 2018 йилиёқ ишлаб чиқарилишини айтган эди. Соҳадаги инсайдерларнинг маълумотлари буни тўла тасдиқламоқда ва, манбаларга кўра, Samsung Display компанияси аллақачон сенсорли AMOLED-экран яратиб улгуришган. Мазкур дисплейни 1.0R даражада қийшайтириш мумкин; бу дегани – уни худди қоғоз каби букласа бўлади ва экран шу ҳолида ҳам ишлай олади.

ЎҚИНГ: Huawei аллақачон буклама смартфон прототипини яратибди!

Экспертларнинг ишонч билан таъкидлашларича, Galaxy X тақдимотини Samsung келаси йилнинг биринчи ярмидаёқ ўтказади ва уни тахминан ёз ойларида савдога чиқаришади.

Аммо кенг қизиқувчилар оммасига бу инқилобий смартфон тезда етиб бормайди. Чунки компания ўзининг ғайриоддий смартфонларини дастлаб ўз ватани – Жанубий Корея бозорида синовдан ўтказишни маъқул кўради. Жумладан, қайрилма дисплейли илк Samsung Galaxy Round смартфони ҳам бир вақтлар фақат маҳаллий бозор учун чиқарилиб, бор-йўғи 10 минг дона сотилган. Янгича технологияларга эга маҳсулотларни дастлаб ички бозорда синаб кўриш турли муаммолар чиқишининг олдини олишга ёрдам беради.

Дейлик, агарда Galaxy X смартфонларида жиддий нуқсонлар учраса ёки кундалик фойдаланиш шароитида улар оммавий тарзда ишдан чиқа бошласа, Samsung уларни сотиб олган харидорларга пулларини қайтариб бериши мумкин. Шу билан корпорация кўп маблағ йўқотмасдан, носоз смартфонларини қайтариб олади ва Galaxy X’нинг иккинчи авлоди устида иш бошлайди. Табиийки, унда биринчи авлод қурилмаларида учраган барча камчиликлар бартараф этилади ва имкон қадар «Galaxy X2» моделлари талабларга жавоб берадиган бўлиб чиқади.

Афтидан, Galaxy X моделини тезроқ чиқариш борасида шошилмаса ҳам бўлмайди. Чунки унинг асосий рақиби – Apple ҳам аллақачон LG билан ҳамкорликда яратилган худди шу каби мобил қурилмасини патентлаган. Samsung янгича қурилманинг илк моделини тақдим этишда биринчи бўлишдек тарихий аҳамиятга эга шарафни купертиноликка бериб қўйишга асло рози бўлмаса керак.

ЎҚИНГ: Apple «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчияпти

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.