Intel ўзининг ноутбукларга мўлжалланган энг кучли процессорини тақдим қилди

Intel ўзининг ноутбукларга мўлжалланган энг кучли процессорини тақдим қилди

Ўтган йили Intel компанияси шахсий компютерлар учун мўлжалланган илк Core i9 процессорини тақдим қилгандан сўнг бу қудратли жиҳознинг ноутбукларга ўрнатила бошлаши фақат вақт масаласи бўлиб қолган эди. Бугун компания ноутбукларга мўлжалланган биринчи Core i9 чипини эълон қилди ва уни «Intel шу вақтгача яратган ноутбук процессорлари ичида энг қудратлиси» деб атади.

Бугун эълон қилинган энг қудратли модель Intel Core i9-8950K номини олган. Саккизинчи авлодга мансуб бу чипнинг тезлиги Turbo Boost технологияси билан 4.8 гигагерцга етиши мумкин. Шунингдек, ушбу чип Intel ноутбуклар учун таклиф қилаётган процессорлар ичида олти ядро ва 12 оқимга эгалиги билан ягона ҳисобланмоқда. Intel'нинг маълум қилишича, бу чип еттинчи авлод процессорларидан 29 фоиз тезроқ ишлай олади. Бу процессор билан «оғир» ўйинлар ўйнаш самарадорлиги 41 фоиз, 4К форматдаги видеолар монтаж қилиш тезлиги эса 59 фоизга ошган.

i9 процессорлари билан биргаликда Интел ноутбуклар учун компаниянинг Coffe Lake номли 14nm++ архитектурасига асосланган i5 ва i7 процессорларини ҳам тақдим қилмоқда. Бу процессорлар саккизинчи авлодга мансуб Kaby Lake R чиплари ўрнини эгаллаши айтилмоқда. Kaby Lake R чиплари саккизинчи авлодга мансуб 14nm+ архитектурасининг янгиланган талқини ҳисобланар эди.

Intel'нинг U сериядаги процессорларнинг бир қисми ҳисобланмиш олдинги саккизинчи авлод чипларидан фарқли ўлароқ янги i9, i7 ва i5 Coffe Lake чиплари H серияси остида тақдим қилинмоқда. Айни вақтда Intel AMD билан Radeon RX Vega M гибрид процессорлари борасида ҳамкорлик қилмоқда. Бироқ Radeon RX Vega M процессорлари юпқа ва енгил вазндаги ноутбуклар ишлаб чиқмоқчи бўлган компаниялар истагига мос келса, Coffe Lake чиплари оғир ва қалин, лекин ўйин ўйнаш ҳамда график вазифаларни бажаришда ўта қудратли ноутбукларга мўлжалланган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.